1 Октябр 2023 йил 1059

“1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов Юлдашевичнинг байрам табриги

Аввало, барча устоз ва мураббийларни шу жумладан, ички ишлар органларида бир неча йиллар садоқат билан хизмат қилиб, бугунги кунда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни мард, жасур, профессионал кадрлар бўлиб етишишида жонбозлик кўрсатаётган азиз фахрийларимизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан самимий муборакбод этаман.

Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.

Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.

Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик, мураббийлик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", —деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Биз шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, Сизларнинг ёш авлодга билим бериш ва тарбиялашдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.

Қадрли устозлар!

Бугунги кунда, мамлакатимизда билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада, Сиз фидойи ўқитувчи ва мураббийларнинг заҳматли меҳнатингиз ҳар қанча мақтовга лойиқ.

Ҳурматли устозлар!

Фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.

Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Ўзбекистон фарзандлари чеҳрасидаги нур — бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сиз ўқувчи ва талабаларингиз ҳузурига ҳамиша чеҳрангизда ишонч ва табассум билан кириб боринг!

Сизларни барча устоз ва мураббийларни, ички ишлар органларининг устозлик мақомига эга фидойи фахрийларини “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

Text to speech