“14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” арафасида Бухоро вилояти Ички ишлар органларида хизмат қилаётган 15 нафар ходимлар замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган янги хонадонларига кўчиб ўтдилар
Бухоро вилоятида ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” арафасида ҳарбий хизматчилар учун қурилган уй-жойларни фойдаланишга топшириш анъанага айланган.
Жумладан, мамлакатимиз Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига биноан, Бухоро вилоятида Мудофаа ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, Ички Ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари жами 666 та хонадондан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, ўтган 3 йилда уларнинг 606 таси фойдаланишга топширилди.
Бугун, 11 январь куни Бухоро шаҳри Намозгоҳ кўчасида барпо этилган 2 та 5 қаватли 60 хонадондан иборат уй-жойларнинг ўттизтаси ҳарбий хизматчиларга, ўн бештадан ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия ходимларига тақдим этилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов, Жанубий-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги вакили, вилоят ва шаҳар секторлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ҳамда ички ишлар органлари ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари қатнашдилар.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқ тартибот идораларини ислоҳ қилишга, шу жумладан, ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг самарали хизмат қилишлари учун барча шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлади.
Сарҳадларимиз дахлсизлиги, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек шарафли вазифани адо этиб келаётган ҳуқуқ тартибот идоралари ва ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келаётганлиги эътироф этилди.
Шундан сўнг уй-жойларнинг калитлари ўз эгаларига топширилди.
Лента кесилиб, йиғилганлар хонадонларда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Барпо этилган янги уйларнинг кенг ва ёруғ хонадонларида яшовчилар учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган.
Бундан ташқари, алоҳида иситиш тизими, уйлар олдида болалар майдончаси, суҳбатгоҳлар барпо этилганлиги ҳам яшовчиларга катта қулайликлар яратади. Яратилаётган қулай имкониятлар ҳарбий хизматчиларимизни халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашда, давлатимизнинг тақдири ва келажаги учун фидойи бўлишга ундайди албатта.