19 Март 2021 йил 866

2021 йил 18 март куни интернет тармоқларида эълон қилинган “ФАҚАТ ГАИ ТЎХТАТСИН ДЕГАН ЖОЙИ ЙЎҚ”... ТУНДА МАШИНА ТЕКШИРАДИГАН УЧАСКАВОЙЛАР” сарлавҳаси остида давомийлиги 11 дақиқа 32 сония бўлган видео лавҳа юзасидан расмий муносабат

Ушбу видеолавҳада кўрсатилган тасвирлар вилоят Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда вилоят ИИБнинг тегишли фармойишлари, Бухоро вилояти ҳокимининг қарорига асосан жорий йилнинг 20 февраль кунидан 20 март кунига қадар Республикамиз, жумладан вилоят ҳудудида ҳам махсус тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур тадбирлар доирасида ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида туну-кун хизмат олиб бориш тизими жорий этилган бўлиб, ички ишлар органларининг соҳавий  хизмат ходимлари, хусусан профилактика инспекторларидан иборат таркибда тунги патруллик гуруҳлари ташкил этилган.

Ҳудудий Ички ишлар органлари бошлиқларининг кунлик қарорлари асосида тунги патруллик гуруҳларининг хизмат олиб бориш ҳудудлари белгилаб берилган бўлиб, тунги вақтларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар мол-мулкларини ишончли муҳофаза қилиш мақсадида бемаҳалда юрган шахслар, автотранспорт воситаларини тўхтатиб текшириш, шахсига ойдинлик киритиш, корхона, муассаса ва ташкилотлардаги тунги қоровулликларни ўрганиш, “Жамоатчилик назорати масканлари” фаолиятини ташкил этиш каби вазифалар юклатилган.

2021 йил 15 март кунидаги туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг кунлик қарори асосида туманинг 8 та маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бориш учун тунги патрулликка жалб этилган ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари Д.Ў. ва Н.Р.лар ўзларининг хизмат ҳудуди ҳисобланган Хидрейли МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички йўлда жорий йилниг 15 март куни тунги соат 01-00 ларда “ГАЗ 5204” русумли 40 S 184 QA давлат рақам белгили автомашинани тўхтатиб, автотранспорт ҳайдовчиси билан касбий этика нормалари доирасида профилактик суҳбат ўтказган ҳолда фуқаронинг шахсига ойдинлик киритган.

Ушбу фуқаро Олот тумани Соинқоровул МФЙ Амударё кўчасида яшовчи, 1974 йилда туғилган О.Ш. эканлиги аниқланган ва бемаҳалда кўчада юриш сабаблари суриштирилиб қўйиб юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2896-сонли қарорига 2-Илованинг 12-бандига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимлари ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича махсус профилактик чора-тадбирларни, шунингдек, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахслар билан профилактика ишларини амалга оширадилар, шунингдек, фуқаролар, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларида тушунтириш ишлари олиб борадилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрдаги “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасида “Ички ишлар органи ходимининг ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талабларини, шу жумладан қонунга риоя этиш, ҳужжатларни, текширувлар материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассис ажратиш, ички ишлар органига келиш ҳамда аниқланган қонунбузарликлар хусусида тушунтиришлар бериш, қоидабузарликларни, шунингдек, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги қонуний талабларини барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Ички ишлар органларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар уларнинг қонуний талаби бўйича тақдим этилади.

Ички ишлар органи ходимининг қонуний талаблари устидан шикоят қилиниши уларнинг бажарилишини тўхтатиб турмайди.

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари тунги вақтларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларга жалб этилганда, хизмат жараёнида фойдаланадиган автотранспорт воситаларига ёниб ўчувчи кўк-қизил маёқча (мигалка) ўрнатишлари, олиб борилаётган профилактик тадбирлар  самарадорлиги ошириб, турли хилдаги тайёрланаётган ёки содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар олди олинишида катта аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бу жараёнда ички ишлар органлари ходимлари ваколат доирасида иш юритиб, ходимлар томонидан қонун ва хизмат интизоми талаблари бузилмаган.

Шу ўринда барча фуқаролардан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан кенг ҳамкорлик қилишлари, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажаришлари, турли ижтимоий тармоқларда обуначилар йиғиш, кузатувчиларни кўпайтириш мақсадида ўз хизмат вазифаларига виждонан ва сидқидилдан ёндашиб жамоат тартиби, фуқаролар ва йўл ҳаракати хавфсизлиги, мол-мулк дахлсизлиги ҳамда хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва ҳаётини сақлаш борасида ходимларнинг туну-кун олиб бораётган хизматларини қадрлашларини сўраб қоламиз.

Text to speech