16 Октябр 2020 йил 628

6 ёшли қизалоқни совуқда дарахтга боғлаб, устидан сув қуйиб, устига-устак калтаклаб азоблаган эр-хотин энагалар қилмишига яраша жазо олди

Ўшанда 2019 йилнинг сентябри эди. Бухоро шаҳрида яшовчи Робия (исм – шарифлар ўзгартирилган) Россияга ишлагани кетар бўлди. Аммо фарзандлари Санобар билан Самияни нима қилса экан? Бири 6 ёшда, иккинчиси эса ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган.

Шунда танишларидан бири Замира ёдига тушди. "Агар рози қилиб турсам болаларимга энагалик қилар", деган ўйда унга қўнғироқ қилди. Энагалик қилгани эвазига қўлига ҳар ойда 200 АҚШ доллари тегишини эшитган аёл турмуш ўртоғининг ишламаслигини, уйдалигини ўйлаб дарҳол рози бўлди.

Замиранинг кейинчалик судда кўрсатма беришича, аввалига Робия унга келишилган пулни жўнатиб турган. Аммо бу ҳол узоқ давом этмаган. Бу орада Робиянинг турмуш ўртоғи болаларидан хабар олгани келган. Аммо Замира ва унинг турмуш ўртоғи берган кўрсатмаларга ишониладиган бўлса, болаларнинг отаси турли важлар билан уларга пул бермаган. Орадан бир муддат ўтиб, ўзининг Қозоғистонда эканлигини, ишлаб ўзи ёки хотини пул юборишини билдириб қўнғироқ қилган.

Хўш, шундай экан, икки норасида гўдакда нима гуноҳ?

Гап шундаки, энага эр-хотин бор аламларини бегуноҳ болалардан олишган. Хусусан, қизалоқ Санобарни дўппослаб қийнашган. Ҳатто билиб- билмай укасининг кашасини еб қўйгани ҳам қизалоқнинг бошига калтак тушишига сабаб бўларди. Жумладан, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиалининг 26.02.2020 йилдаги №9-сонли хулосасига кўра, вояга етмаган Санобарга бош мия чайқалиши билан давом этган ияк, чап томон пастки жағ, юқори ва пастки лаб шиллиқ қаватларидаги шилинмалар, ўнг билак кўкрак орқа ва олд юзасидаги, чап курак, бел соҳасидаги шилинмалар, ўнг қўл кафт орқа юзасидаги куйиш кўкрак олд юзасидаги яра каби соғлигини бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати етказиб, вояга етмаган шахсни қийнаш жиноятини содир қилишган. Бу ҳам етмагандек, уни куннинг совуқ кунларида ҳовлидаги дарахтга боғлаб, устидан совуқ сув сепишган. Ваҳшийлик бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

Бу орада Замиранинг "Пулни қачон юборасан?", "Болангни "деддом"га топшириб юбораман" қабилидаги қўнғироқларидан хавотирга тушган Робия Бухородаги таниш аёллардан бирига болаларининг аҳволидан хабар олишни сўрайди. Ўз навбатида аёл ҳар иккала боланинг ҳолини кўриб, улар ҳар томонлама ёрдамга муҳтожлигини ҳис этади. Шу тариқа ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолмади. Эр-хотин энагаларнинг фаолияти тегишли органлар томонидан ўрганилди. Суриштирув ўтказилди. Иш судга оширилди.

— Судланувчиларнинг айби уларнинг ўз айбларига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари, хабарнома, далолатнома, суд тиббиёт экспертизасининг хулосалари, ҳодиса жойини кўздан кечириш ва кўрсатмаларни воқеа жойида текшириш баённомаси, уларга илова қилинган фотосуратлар, ишдаги гувоҳларнинг сўзлари ва бошқа далиллар билан тўлиқ тасдиқланади, – дейди жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси А. Жабборов.

Суд Замирага жазо турини танлашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини эътироф этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 7,8-моддаларида кўрсатиб ўтилган одиллик ва инсонпарварлик тамойиллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 03.02.2006 йилдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, шунингдек, муқаддам судланмаганлигини жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, унинг ҳаракатлари учун Ўзбекистон Республикаси ЖК 105-моддасининг 1-қисми ва ЖКнинг 110-моддаси 2-қисмининг «а» банди санкцияси доирасида озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди. Унинг турмуш ўртоғига жазо тайинлашда ҳам муқаддам судланмаганлиги, оилавий аҳволи ҳисобга олинди.

Шу тариқа жиноятчи энагалар жазоланди. Аммо бизни бошқа бир жиҳат ўйга толдиради. Бу ота-она зиммасидаги масъулият масаласидир. Наҳотки вояга етмаган, ота-она меҳрига муҳтож гулдай икки болани бировларга ишониб топшириш мумкин бўлса? Наҳотки, ҳали бири етти ёшга ҳам кирмаган, бири эса чақалоқ бўлган болани бу ёқда қўйиб, олис Россияга ишлагани кетиш мумкин?! Ота-оналик бурчи, ғурури қайда қолди? Ахир, қуш ҳам полапонини ёлғиз ташлаб қўймайди. Боласини йўқотиб қўйса осмону фалакни ларзага келтириб, бўзлайди, ҳаловатини йўқотади. Наҳотки, айрим ота-оналаримиз болалари учун шу қушчалик қайғуришмайди. Ахир,қора қозонни қайнатаман, деганга шу ерда, юртимизда ҳам иш топилади. Фақат шукр, сабру қаноат қилмоқ керак, холос.

Бу фикр-мулоҳазани баён этмоқдан мақсад шуки, масъулият унутилганида жиноятга йўл очилади. Жиноий иш эса биласизки, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларни, жамоатчиликни, кўплаб кишиларни ташвишга қўяди. Энагалар билан боғлиқ юқоридаги нохуш воқеа бунинг яна бир далилидир.

Text to speech