Аҳоли мурожаатлари масъуллар эътибор марказида
Бухоро вилоятида “маҳаллабай” тизим асосида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш бўйича устувор вазифалар ижроси юзасидан янгича иш тартиби жорий қилиниб, манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоятнинг 3-секторига қарашли ҳудудларда “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир” дафтарларга киритилган фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш, мурожаатларини жойига чиқиб ўрганиш, аниқланган муаммолар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгилаб, ижросини таъминлаш борасидаги вазифалар алоҳида назоратга олинмоқда.
Хусусан, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига киритилган, вилоятнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон тумани «Чорсу» маҳалласи Улуғбек кўчасида ҳамда Шофиркон тумани «Темирчи» маҳалласида яшовчи фуқароларнинг мурожаати бугун, 25 июнь куни вилоят масъуллари иштирокида жойига чиқиб ўрганилди.
Бунда, вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев, вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Феруза Ибрагимова ҳамда ушбу туманлар ҳокими, сектор раҳбарлари ва қатор масъуллар иштирок этдилар.
Мурожаатлар яқиндан ўрганилганда оилаларнинг яшаш шароити, уларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлигига алоҳида эътибор қаратилиб, хонадон аъзоларининг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун замин яратиш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан туман ҳокимликлари ҳамда масъуллар томонидан зарурий ишлар олиб борилишига келишиб олинди.
Шу куни масъуллар томонидан ушбу фуқарларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши алоҳида назоратга олиниб, мутасаддиларга аниқ ва манзилли топшириқлар берилди. “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига киритилган ушбу фуқароларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилди.
Мазкур мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли чора-тадбир белгилаб олиниб, масъулларга аниқ ва манзилли топшириқлар берилди ҳамда ижроси алоҳида назоратга олинди.
Шу куни Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, масъуллар билан биргаликда Шофиркон тумани Дўрмон маҳалласида жойлашган ўзи томонидан оталиққа олинган 3-сонли умумтаълим мактабнинг Кўлобод филиалида амалга оширилаётган 80-ўринли янги мактаб биносининг қурилиш жараёнини кўздан кечириб, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини белгиланган график асосида якунлаш юзасидан ўзининг тавсияларини берди.
Шунингдек, вилоят 3-сектор ишчи гуруҳи ва кўчма штаби аъзолари Шофиркон туманининг ҳар бир секторига бириктирилган бошқарув офиси ва маҳаллаларга бириктирилган иқтисодий блок аъзолари билан биргаликда ҳудудларда бўлиб, маҳаллабай тизим асосида ўрганиш ишларини давом эттирдилар.
Маҳаллабай тизим асосидаги бу каби амалий тадбирлар вилоятнинг 3-секторига қарашли Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон туманларининг барча маҳаллаларида ҳамда бошқа барча шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли ҳудудларида изчиллик билан амалга оширилмоқда.