Аср вабоси бўлмиш ОИВ инфекциясининг тарқалишини олдини олиш борасида Бухоро шаҳрида ўтказилган профилактик тадбирлар
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида эпидемияни авж олиш босқичида орттирилган иммунитет танқислиги синдроми яъни ОИТС касаллигидан барча ваҳимага тушар эди. Аксар одамлар бу вазиятни ОИТС билан касалланганлар ва тор доирадаги мутахасислар муаммоси деб, ноўрин хотиржам бўлишган.
Дунёда ақл бовар қилмас даражада кўпайиб бораётган ОИТС касаллигига чалинишни тўхтатиш бугуннинг энг муҳим масалаларидан бири эканлигини англаш ва тушиниш ҳар бир соғлом фикрловчи фуқарога таалуқлидир. Инсониятни бу офатдан ҳимоя қилишда асосий эътиборни жамиятимизга қадимдан одат бўлиб келган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, халқимиз томонидан қораланган иллатлар (гиёҳвандлик, фоҳишабозлик, ичкиликбозлик)ни умуман йўқотиш каби масалаларга қаратиш лозим.
ОИВ инфекцияси ривожланган, санитария маданияти, турмуш тарзи тараққий этган давлатлар (Европа, Шимолий Америка)да асосан “хавфли гурух” орқали (инъекцион гиёҳвандлар, бесоқолбозлар, фохишалар), ривожланаётган давлатлар (Африка, Индонезия, Таиланд ва.ҳ.к.) да эса, асосан жинсий алоқа орқали юқиб, аҳолининг барча қатламига хавф солиб келаётганидек, бизнинг давлатимизда ҳам бундай ҳолатлар аввалгидан ҳам жадаллашиб бормоқда.
Республикамизда бу касалликнинг олдини олиш мақсадида давлат миқёсида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, жумладан касалликни олдини олишга қаратилган қонун, қарор ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув, Ҳуқуқ бузарликлар профилактикаси ва ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида жинсий эркинлик, ахлоққа қарши жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши мумкин бўлган объектлар, тунги кўнгил очар клублар, сауналар ва массажхоналарда навбатдаги тезкор профилактик тадбирлар ўтказилди.
Бухоро шаҳрида бир нечта шундай хизмат кўрсатиш объектларида тезкор профилактик тадбирлар ўтказилганда, Пандемия даврида фаолияти тақиқланган бўлишига қарамай карантин қоидаларига зид равишда фаолият юритиб, массаж хизматининг йўлга қўйилганлиги аниқланиб, хизмат кўрсатиш объектларининг эгалари ва ушбу жойда бўлган фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, шаҳарнинг тунги кўнгил очар клублари, дискотека ва билярд залларида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари билан ўтказилган ҳамкорликдаги тадбирда, Ўзбекистон Республикаси қонунларини менсимасдан спиртли ичимлик истеъмол қилиб, карантин қоидаларини бузган ҳолда ҳимоя ниқобисиз ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз юрган чет эл фуқаролари (Молдовия) аниқланди ва улар билан профилактик суҳбат ўтказилиб, расмий огоҳлантирилди.