Автомашиналар салонидан ўғирлик қилишни ўзига касб қилиб олган бухоролик ўсмир йигит Ҳ.А. нинг яна бир жинояти фош этилди
Аввал хабар берганимиздек, Бухоро тумани Хонобод қишлоғида яшовчи, 2004 йилда туғилган вояга етмаган Ҳ.А. Бухоро шаҳрининг кўчаларидан бирида қаровсиз қолдирилган Спарк автомашинаси салонидан 13,5 млн сўм пулларни ўғирлаганлиги фош этилганини маълум қилган эдик.
Гап шундаки, 2021 йилнинг 10 март куни соат 07:00 дан соат 10:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Бухоро шаҳар М.Иқбол кўчасида жойлашган ҳарбий қисм автотураргоҳида турган Шофиркон туман Қуйи Чуқурак маҳалласида яшовчи, 1976 йилда туғилган Х.Ғ. га тегишли “Спарк” русумли автомашинанинг эшиклари очиқ ҳолатда қолдирилганлигидан фойдаланиб, автомашина салонида бўлган 500 АҚШ доллари ва 1.500.000 сўм нақд пулларни яширин равишда ўғирлаб кетганлиги юзасидан келиб тушган хабар шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини миувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилиб, зарурий тезкор суриштирув ҳамда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тергов ҳамда суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.
Буни қарангки, ушбу жиноят ҳам айнан хонободлик 2004 йилда туғилган ўсмир Ҳ.А. томонидан содир қилинганлиги тасдиқланиб, ашёвий далилар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирда унинг вилоятимиз, қолаверса, бошқа шаҳар ва туманларда содир этилиб фош этилмасдан қолаётган ўғирлик жиноятларига алоқадорлиги юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.