Бола ҳуқуқлари давлат ҳимоясида
Бухоро вилоятида ўтказилаётган кенг қамровли "Турмуш" махсус профилактик тадбирлари даврида, нотинч оилалар муаммоларини ўрганиш, уларни тизимли ҳал этиш орқали оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган манзилли ишлар амалга оширилиб, вояга етмаган болалар, айниқса ёш қизларни тарбиялаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қийин ижтимоий аҳволга тушиб қолган, турли сабабларга кўра вақтинчалик ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган, оиладаги нотинчлик сабаб ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож болалар аниқланиб, уларга ҳар томонлама кўмак бериб келинмоқда.
Жумладан, Пешкў тумани Валфажир маҳалласида яшовчи 2002 йилда туғилган Ю.Р. ва Камолот маҳалласида яшовчи 2005 йилда туғилган 9 синф ўқувчиси М.Ш. ўз оналари билан, шунингдек, Қоракўл туманида 2004 йилда туғилган 10-синф ўқувчиси П.С. бувиси билан келишмовчилик сабаб уйидан қочиб чиқиб кетган ва ўз жонига қасд қилиш даражасигача бориб, руҳий тушкунликка тушган ҳолда кўчаларда мақсадсиз дайдиб юрганликлари аниқланиб, уларга ҳуқуқий, тиббий, психологик ёрдам кўрсатилиб, оила аъзолари билан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ромитан тумани “Қумрабод” маҳалласида яшовчи 2009 йилда туғилган И.Ш. ва 2013 йилда туғилган И.Р.ларга эса ўгай онаси И.Н. томонидан жисмоний ва руҳий зўравонлик ўтказилганлиги, доимий равишда уларни уриб, калтаклаб келганлиги аниқланиб, ушбу вояга етмаган норасидалар суд-тиббий экспертизасидан ўтказилди ва фуқаро Н.И.га нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, болалар отаси М.О.нинг Россия Федерациясидан келгунига қадар бувисининг қарамоғига топширилди.
Шунингдек, Ромитаннинг яна бир маҳалласи "Зарафшон" да яшовчи, ота-онаси ажримидан сўнг тоғаси қарамоғида қолган 2004 йилда туғилган Р.У. билан ҳам профилактик суҳбатлар олиб борилиб, унинг муаммолари ўрганилган ҳолда, туман Ички ишлар бўлими ва ҳомийлар кўмаги билан унга шахсини тасдиқловчи ID карта расмийлаштириб берилди.