Бухоро давлат Университетининг “Хорижий Филология” факультети талабалари билан “Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш ҳамда ОИВ инфекцияси ва гиёҳвандликка қарши кураш мавзусида профилактик тадбир ўтказилди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Кадрлар бошқармаси ёшлар билан ишлаш гуруҳи ташаббуси билан, Жиноят қидирув бошқармаси масъул ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси битирувчи ёш курсантлари ҳамкорлигида Бухоро Давлат Университетининг “Хорижий Филология” факультетида таҳсил олаётган 70 дан ортиқ талаба ёшлар иштирокида профилактик тадбир ўтказилди.
Барчамизга маълумки, юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий-сиёсий ва маънавий ислоҳотлар туб замирида мамлакатимизда муносиб ҳаёт шароитини яхшилаш, умумбашарий демократик, ҳуқуқий талабларга жавоб бера оладиган фуқаролик жамиятини барпо қилиш, халқаро талаб ва андозаларга мос келадиган ижтимоий муносабатларни вужудга келтириш, ҳар бир юрт фуқаросини камолотга йўналтириш, халқимиз руҳияти ва иродасини одамийлик, инсонпарварлик, юртпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва келажакка ишонч фазилатлари билан бойитиш масаласи туради.
Бугунги кунда, ёш авлоднинг тарбиясига, уларнинг ҳуқуқий билим савияларини оширишга, ҳар томонлама баркамол етук инсон бўлиб етишишларига давлатимиз томонидан жуда катта эътибор берилиб, ёшлар тарбияси билан боғлиқ бўлган масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Ёшларимиз олдига қўйилаётган талаб битта, у ҳам бўлса ўқиш, изланиш. Ўз куч ва имкониятларини мустаҳкамлаш орқали она юрт равнақига ҳисса қўшишда намоён этишдир.
Ҳеч кимга сир эмаски, айрим талаба ёшларимиз дарсдан кейин ўзларининг қимматли вақтларини фан тўгараклари, касб-ҳунар ўргатиш устахоналарида устоз ва мураббийлардан қўшимча таълим олиб, касб ўрганиш, билимларини мустаҳкамлаш, спорт билан шуғулланишга эмас, балки ҳеч қандай нафи тегмайдиган салбий машғулотлар билан банд бўлмоқдалар.
Оқибатда эса улар ҳуқуқбузарликка қўл урмоқдалар, жиноят қилишга мойил шахсларнинг таъсир доирасига тушиб, ўзлари ҳам билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолмоқдалар.
Энг ачинарлиси ОИВ балоси бизнинг ёшларни ҳам четлаб ўтмаган.
Барчамизга маълумки, Президентимиз ташаббуслари билан Республикамизда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб эълон килиниб, тизимли равишда олиб борилаётган тадбирларга қарамасдан, ҳалигача айрим ота-оналар, қолаверса ўқувчи-талабалар давлатимизнинг таълим соҳасидаги сиёсатини чуқур англаб етмаяптилар.
Таълим жараёнидан ажралиб қолган, ҳеч қаерда ўқимасдан ёки ишламасдан юрган, бандлиги таъминланмаган уюшмаган ёшлар, келгусида жиноят йўлига кириб қолиши ёки ўзи бирор бир жиноят қурбонига айланиб қолмаслиги учун ёшлар ўртасида қатор профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Бугун ўтказилган профилактик тадбирда ҳам, “Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш ҳамда ОИВ инфекцияси ва гиёҳвандликка қарши кураш мавзуларида профилактик тадбир ўтказилиб, ўқув семинар тарзида ўтказилган конструктив учрашувда мавзуга доир барча масалалар юзасидан иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.
Учрашув якунида талаба ёшларга ўғирлик ҳамда фирибгарлик жиноятларни олдини олиш бўйича вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан тайёрланган огоҳликка чорловчи буклетлар тарқатилиди.