29 Сентябр 2020 йил 704

Бухоро шаҳар 3-сектор ҳудудида тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш орқали 3200 та янги иш ўринлари яратилади.

Юртимизда хусусий тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари ва кафолатларини янада мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги воситаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, шу асосида янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида мутасаддилар томонидан шаҳарнинг 3-секторида жойлашган "Бухоро-Қоракўл" МЧЖ ҳудудидаги бўш турган ва ишлатилмай келинган бино ҳамда ер майдонларида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш заводлари фаолиятини ташкил этишдаги мавжуд имкониятларни мониторинг қилдилар.

Бухоро шаҳар Қарши дарвозаси кўчаси 1-уйда жойлашган "Нигора" МЧЖ томонидан олиб борилаётган кенг қамровли реконструкция ишлари ҳам ўрганилиб, амалга оширилаётган ишлар натижасида текстил маҳсулотлари сифатини яхшилаш орқали жаҳон бозорида рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш юзасидан зарурий кўрсатмалар берилди.

Эски тўқимачилик фабрикаси ҳудудининг бир қисмини “ноль” қийматда инвестиция киритиш шарти билан бепул бериб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ўзлаштириладиган қўшимча тармоқлар ҳисобидан янги иш ўринларини яратиш имкониятлари кўздан кечирилди.

Бухоро шаҳар ҳокими ва ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Б.Шариповлар “Бухоротехнопарк” ДУК ҳудудида олиб борилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

2014 йилда ташкил топган мазкур ҳудуд, умумий 53 гектардан иборат. 2015 йил 28 апрелдаги ПҚ-2340-сонли қарорига асосан мазкур ҳудуддаги бино ва иншоотлар комплекси 305 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳамда 3200 та янги иш ўринлари яратиш шарти билан “ноль” қийматда сотилиши белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда мазкур майдон 19 та хорижий инвесторга бўлиб берилиб, кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган.

Бухоро шаҳар ҳокими ва 3-сектор раҳбари томонидан “Бухоротехнопарк” ДУКдаги мавжуд муаммолар, қилиниши лозим бўлган масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, муҳандислик коммуникация тизимлари, ичимлик суви ва оқава тармоқларни реконструкция қилиш, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишларини алоҳида назоратга олиш борасида тегишли соҳа вакилларига топшириқлар берилди.

Text to speech