18 Ноябр 2020 йил 1634

Бухоро шаҳрида 13 ёшли қизнинг ҳаётига суиқасд қилиб, хонадондан 12 хил турдаги тақинчоқ ва пулларни ўғирлаган босқинчи аёл қўлга олинди

Гап шундаки, 2020 йилнинг 16 ноябрь куни соат 18:10да Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Навбатчилик қисмига, Ўзбекистон Республикаси Шошилинч тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиали навбатчи шифокори қўнғироқ қилиб, шаҳарнинг Қ.Муртазоев кўчасида яшовчи 2009 йилда туғилган, 5-синф ўқувчиси, ота-онаси карамоғида бўлган вояга етмаган Ф.М. исмли қизнинг бош соҳасидан тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилганлигини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида вояга етмаган Ф.М. ўз уйида ёлғиз бўлган вақтда, у истиқомат қилиб келаётган кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги гўзаллик салонида ишловчи, 1985 йилда туғилган, оилали, 2 нафар фарзанднинг онаси, Бухоро туман Тор-Тор маҳалла МФЙда яшовчи аёл М.Ш., уйда вояга етмаган қизнинг ёлғизлиги ва ота-онасининг чиқиб кетганлиги фурсатидан фойдаланган ҳолда хонадонга кириб, вояга етмаган Ф.М. нинг бош қисмига ёнида ўзи билан олиб келган қўлбола усулда тайёрланган темир болғача (молоток) билан уриб ёриб, бу ҳам етмагандек унинг юзига ёстиқ билан босиб бўғиб, Ф.М. ҳушидан кетганидан сўнг уни ўлди деб ўйлаб, хонадондан 12 хил турдаги аёллар тилла ва кумуш тақинчоқлари, 100 АҚШ доллари ва 6.250.000 (олти миллион икки юз эллик минг) сўм нақд пулларни ўғирлаб кетганлиги аниқланган ҳамда гумон қилинувчидан ўғирланган тақинчоқ ва пуллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан М.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,97-моддаси (қотилликка суиқасд) 2-қисми “и” банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда жиноят содир қилганликда гумон қилинувчи М.Ш. қамоққа олинган.

Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Шу каби оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг қурбонига айланиб қолмаслик учун вояга етмаган фарзандингиз, кекса отахон ва онахонлар, хаста (ногиронлиги бўлган) бўлиб ётган оила аъзоларингизни уйда ёлғиз ёки қаровсиз қолдириб кетмаслик, куннинг исталган вақтида ўзингизга нотаниш, турли текширув (маҳалла, электр, газ, сув ва бошқа) идораларининг вакиллари сифатида уйингизга кирмоқчи бўлган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини кўриб ишонч ҳосил қилмасдан уйингизга киритмаслик чораларини кўришингиз тўғрисида огоҳлантирамиз.

Text to speech