Бухоро шаҳрида 17 ёшли қиз қўшнисининг уйидан умумий баҳоси 8,5 миллион сўмлик буюмларни ўмарган.
2020 йил 20 октябрь куни Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида яшовчи, 1980 йилда туғилган Н.Н. Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-сонли ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, шу куни тахминан соат 20:00 ларда номаълум шахс унинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, уйидан умумий баҳоси 8.500.000 (саккиз миллион беш юз минг) сўмлик, бир дона “SAMSUNG J 7” ва бир дона “SAMSUNG J 6” русумли телефон аппаратлари, бир дона “TASHIBA” русумли ноутбук, бир дона “Артеч” русумли планшет, шиша вазалар, турли хилдаги ошхона анжомлари ва кийим-кечакларни ўғирлаб кетганлиги баён қилинган.
Мазкур ҳолат бўйича воқеа жойига чиққан тезкор-тергов гуруҳи томонидан ўғирлик ҳодисаси юз берганлиги аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари жараёнида ҳудудий профилактика инспектори томонидан жиноятни содир қилган шахс ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Аниқланишича мазкур жиноятни жабрланувчининг қўшниси 2003 йилда туғилган 17 ёшли қиз Т.С.содир қилган.
Ҳозирги кунда жиноят ишида гумон қилинувчи Т.С. га нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.