23 Ноябр 2020 йил 418

Бухоро шаҳрида COBALT автомашинасини олиб қочган шахс қўлга олинди

2020 йил 19 ноябрь куни соат 23:49 да Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Навбатчилик қисмига, шаҳарнинг Газли шоҳ кўчасида яшовчи, 1998 йилда туғилган И.И. телефон орқали хабар қилиб¸ А.Яссавий кўчаси 1-уйда жойлашган “Мароқанд” кафеси олдида турган бошқарувидаги оқ рангли, “COBALT” русумли, 80 A 848 NA давлат рақамли автомашинасини номаълум шахс олиб қочиб кетганлигини билдирган.

Ушбу мурожаат Навбатчилик қисмида зудлик билан қайддан ўтказилиб, ҳодиса содир бўлган жойга чиққан тергов-тезкор гуруҳи томонидан кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган ва ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми билан жиноят ши қўзғатилган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси, шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларидан иборат тузилган тергов тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида, номаълум шахс томонидан олиб қочиб кетилган ушбу автомашина Бухоро шаҳар Гулшан кўчасида жойлашган суд тиббий экспертизаси биноси олдида қолдириб кетилганлиги аниқланган.

Шундан сўнг жиноятни содир қилган номаълум шахсни аниқлаш мақсадида кенг қамровли тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилди ва натижада ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Хўжа Таббанд кўчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган якка тартибда ишловчи, С.Қ. исмли шахс содир қилганлиги фош этилди.

Ҳозирги кунда ўзганинг транспорт воситасини олиб қочиш жиноятини содир этганликда гумон қилинаётган С.Қ.га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech