Бухоро шаҳрида хонадондан ўғирланган тилла буюмлар эгасига қайтарилди
2021 йил 24 январь куни Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Навбатчилик қисмига шаҳарнинг Афросиёб кўчасида яшовчи, 1958 йилда туғилган И.Ф. ариза орқали мурожаат қилиб, жорий йилнинг 23 январь куни кеч соат 20:00 дан 22:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унинг яшаш уйига ғайриқонуний равишда кириб, меҳмонхонадаги шкаф ичидан умумий баҳоси 5.000.000 (беш миллион) сўмлик тилла тақинчоқларини ўғирлаб кетганлигини билдирган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Фурқат кўчасида яшовчи, 1983 йилда туғилган У.Ҳ. исмли шахс содир қилганлиги аниқланиб, ундан ўғирланган 2 дона тилла узук ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олиниб, жабрланувчига қайтарилди.
Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича гумон қилинувчи У.Ҳ. га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, унинг бошқа шу турдаги жиноятларга дахлдорлик ҳолатлари юзасидан қўшимча суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.