Бухоро шаҳрида қидирув эълон қилинган “Фирибгар” қўлга олинди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг 2020 йил 1 октябрь кунидаги Фармойиши билан “Қидирув” тезкор-профилактик тадбири эълон қилинган бўлиб, мазкур фармойишга асосан вилоят ички ишлар бошқармаси, шаҳар ва туман ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда жиноят содир этиб, жавобгарликдан қутулиш мақсадида суриштирув, дастлабки тергов ҳамда суд идораларидан яшириниб юрган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларни қидириб топиш, уларга нисбатан қонуний чора кўриш ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш мақсадида бир қатор тезкор қидирув ва профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 23 ноябрь куни шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда Ички ишлар бошқармаси Пробация ва Жазони ижро этиш бўлимига қарашли 4-сон Тергов ҳибсхонаси ходимлари билан ҳамкорликда Бухоро шаҳар ҳудудида ўтказилди.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-модда (фирибгарлик) 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги учун, жиноят ишлар бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан жорий йилнинг 16 ноябрь кунидан бери қидирув эълон қилинган, Бухоро шаҳар О.Хўжаев кўчасида рўйхатда турувчи 1988 йилда туғилган С.М. вилоятнинг чекка ҳудудларидан бирида яшириниб юрган жойи аниқланиб, қамоққа олинди ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси Пробация ва жазони ижро этиш бўлимига қарашли 4-сон Тергов ҳибсхонасига топширилди.
Юқоридаги каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом эттирилмоқда.