23 Январ 2021 йил 848

Бухоро шаҳрида интернет тармоғи орқали содир этилган ўғирлик жиноят фош этилди.

Яқин вақтлар оралиғида интернет тармоғи орқали фуқароларнинг алданиб қолиш ҳолатлари, хусусан, телеграм ва бошқа интернет тармоқлари фойдаланувчилари томонидан фуқароларнинг шахсий пластик картаси махфий кодларига эга бўлиб, уларнинг пулларини “ўмараётганликлари” ҳақида огоҳликка чорлаган эдик. Бироқ, айрим фуқароларимиз билиб-билмай бундайларнинг “қурбони”га айланишлари ҳали-ҳануз кузатилмоқда.

Жумладан 2020 йилнинг 31 октябрь куни номаълум шахс интернетнинг “Телеграм” ижтимоий тармоғидаги “Омад шоу” гуруҳига аъзо бўлиб кирган Бухоро шаҳар Д.Ибодова кўчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган М.Ҳ. исмли аёлга ўзини гуруҳ админи сифатида таништириб, ушбу гуруҳга одам қўшгани учун унинг номига пул ютуғи чиққанлигини, банк пластик картаси рақамини берадиган бўлса, 500.000 сўм ютуқ пулларини ташлаб беришини айтиб, жабрланувчи М.Ҳ.нинг номида бўлган “ТИФ Миллий банки” томонидан очилган пластик картасининг махфий пин кодини алдов йўли билан олиб, сўнгра банк пластик картасига интернет тизими орқали рухсатсиз кириш йўли билан, картада мавжуд 5.000.000  (беш миллион) сўм пулларини яширин равишда ўзининг ҳисобига ўтказиб олиб, ўғирлик жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув давомида ушбу жиноятни Андижон вилояти Избоскан тумани Чувала маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган Х.Қ. исмли шахс содир қилганлиги аниқланган.

Бугунги кунда Х.Қ.га нисбатан шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон Ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-модда 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда фуқароларимиздан ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдолар ва шунга ўхшаш бир қатор фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатларига дучор бўлмасликлари учун ўзларининг сир сақланиши лозим бўлган пластик карталари рақамларини ошкор қилмасликлари, бировга расмга тушириб бермасликлари ёки оғзаки тарзда маълум қилмасликларини сўраб қолар эдик.

Ҳурматли фуқаролар! Ўзингиз ёки яқинларингизга тегишли пластик карта рақамларини (20 талик ва 5 талик яширин кодларни) асло нотаниш шахсларга айта кўрманг! Акс ҳолда пулларингиздан ажралиб қоласиз!

Text to speech