Бухоро шаҳрида йўл ёқасида қаровсиз қолдириб кетилган автомашинадан ўғирлик жиноятини содир қилган шахс аниқланди
2021 йил 28 январь куни 07:00 дан соат 08:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс, Бухоро шаҳар М.Карим кўчасидан ўтган автомобиль йўли ёқасида қаровсиз қолдирилган 1981 йилда туғилган Бухоро шаҳар М.Пайравий кўчасида яшовчи Ҳ.А. га тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашина эшигини, калит танлаш йўли билан очиб, автомашина олд йўловчи ўриндиғида бўлган аёллар сумкаси ичидан 1.070.000 (бир миллион етмиш минг) сўм нақд пулларини яширин равишда ўғирлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (ўғирлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Тинчлик кўчасида яшовчи 1985 йилда туғилган Я.С. исмли шахс содир қилганлиги аниқланиб, ундан 115.000 (бир юз ўн беш минг) сўм нақд пуллар ва ўғирлаб олинган пуллар эвазига сотиб олинган “Huawey” русумли телефон аппарати ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирги кунда тергов гуруҳи томонидан фуқаро Я.С.га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, ушбу шахснинг бошқа шу турдаги фош этилмасдан қолган жиноятларга алоқадорлиги ўрганилмоқда.