22 Октябр 2020 йил 663

Бухоро шаҳрида содир бўлган яна бир ўғирлик жинояти видеокузатув камераси орқали фош этилди

2020 йил 04 октябрь кунига ўтар кечаси соат 03:30 дан 04:30 қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчаси 309/1-уйнинг ертўласида жойлашган “SAMSUNG GREEN HOUSE” МЧЖга қарашли омборхонага ғайриқонуний равишда кириб, у ердан ҳар бирининг баҳоси 4.000.000 (тўрт миллион) сўмдан 5 дона “BOSCH” маркали электр арралар, ҳар бир ўрамининг баҳоси 1.650.000 (бир миллион олти юз эллик минг) сўмлик 10 та ўрамдаги 2Х1,5 диаметрли, баҳоси 2.500.000 (икки миллион беш юз минг) сўмлик 7 ўрамдаги 3Х1,0 диаметрли, баҳоси 2.250.000 (икки миллион икки юз эллик минг) сўмлик 2 ўрамдаги 2х2,5 диаметрли, баҳоси 1.600.000 (бир миллион олти юз минг) сўмлик 2 ўрамдаги 2Х1,0 диаметрли “ПУНП” маркали электр узатиш кабелларини ва ҳар бирининг баҳоси 4.000.000 (тўрт миллион) сўмлик 4 дона “DEWALT” маркали дрелларини яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлик жиноятини содир қилиб, ҳодиса содир бўлган жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, жиноятни содир қилган Бухоро тумани Шергирон МФЙда яшовчи, 1995 йилда туғилган Б.З. ашёвий далилар билан қўлга олинган.

Гап шундаки, жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган Б.З.нинг ушбу кун “SAMSUNG GREEN HOUSE” МЧЖга қарашли бўлган омборхонадан юқорида қайд этилган буюмларни Нексия-3 русумли автомашинада яширин равишда ўғирлаб кетганлик ҳолати омборхона периметри бўйлаб ўрнатилган видеокузатув камераларининг хотирасига ёзиб қолинган.

Ҳозирги кунда жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган Б.З.га нисбатан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4ғсонли ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 3-қисми билан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда, барча корхона, ташкилот ва муассасалар масъулларидан ҳамда фуқароларимиздан мол-мулкларини асраб авайлашда, уларни турли хил тажовузлардан ҳимоя қилиш учун видеокамералар ўрнатишлари ёхуд Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Қўриқлаш хизматининг қўриқлов хизматларидан фойдаланган ҳолда қўриқлаш пультига уланишларини сўраб қоламиз.    

Text to speech