Бухоро шаҳрида содир этилган хонадон ўғирлиги жинояти фош этилди
2021 йил 29 январь куни Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан берилган маълумотда, 2021 йилнинг 25 январь куни соат тахминан 11:00 ларда номаълум шахс, Бухоро шаҳар Янгиобод кўчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган Я.Ш. нинг яшаш хонадонига деразаси ойнасини очиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасидан жами баҳоси 25.000.000 сўмлик тилла тақинчоқларини яширин равишда ўғирлаб кетганлиги баён қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми “б” ва ”г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Олиб борилган тезкор-суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Чўлпон кўчасида яшовчи, 1990 йилда туғилган Ш.Ж. исмли шахс содир қилганлиги аниқланиб, гумон қилинувчидан жабрланувчи Ш.Я.нинг хонадонидан қўлга киритилган 2 жуфт тилла зирак, бир дона тилла кулончик, 2 дона тилла узук, 1 дона тилла занжир, сотилган тилла буюмлар пули эвазига олинган 2 бош қўй, 1.905.000 сўм нақд пуллар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олиниб, жабрланувчига қайтарилди.
Ҳозирги кунда жиноят ишида гумон қилинувчи шахсга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг худди шу каби бошқа фош этилмасдан қолган жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.