12 Январ 2021 йил 646

Бухоро шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда қорнидаги боласини 50 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Бухоро шаҳар А.Жомий кўчасида ижарада яшовчи, 1998 йилда туғилган қиз М.Р. 2021 йил 06 январь куни Бухоро шаҳар А.Жомий кўчасида яшовчи, 1978 йилда туғилган аёл Ф.Э. билан тўрт ойлик ҳомиласини соғлом ҳолда туғиб, 50.000.000 (эллик миллион) сўм эвазига сотишга келишиб, олдиндан 25.000.000 сўм пулларни талаб қилиб, Бухоро шаҳар А.Жомий кўчасида жойлашган “Ал пари” ресторани олдида кимёвий ишлов берилган 20.000.000 сўм ва 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида вилоят Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олиниб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра жиноий мақсадини охиригача етказа олмаган.

Аниқланишича, 2020 йилнинг декабрь ойларида 22 ёшли қиз М.Р. Бухоро шаҳрида жойлашган кафелардан бирида официант бўлиб ишлаб юрган вақтида ушбу кафега мижоз сифатида келган аёл Ф.Э. билан танишиб қолиб, суҳбат давомида унга, ҳомиладор эканлигини, тўрт ойлик ҳомиласи борлиги ва моддий жиҳатдан қийналаётганлигини, келгусида ушбу туғилажак фарзандини моддий томондан таъминлай олмаслиги, фарзандини дунёга келтирганидан сўнг сотиш нияти борлигини маълум қилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан М.Р. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,135-моддаси 1-қисми (одам савдосига суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида, М.Р. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech