Бухоро шаҳрида вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган ўғирлик жинояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
2021 йилнинг 18 февраль кунига ўтар кечаси 3 нафар вояга етмаган шахслар томонидан Бухоро шаҳрининг Фитрат кўчаси 23-уйда содир этилган ўғирлик жинояти, жорий йилнинг 10 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан, Бухоро шаҳридаги 12-сон умумтаълим мактабида, Бухоро шаҳар сектор раҳбарлари ва бошқа масъуллар ҳамроҳлигида мазкур жиноятда гумон қилинувчилар истиқомат қилувчи маҳалла фуқаролари, мактаб мутасаддилари ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.
Танқидий руҳда ўтказилган муҳокама жараёнида жиноят субъектларининг вояга етмаганлиги, уларнинг мазкур оғир турдаги жиноятни содир этишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитлар, оилаларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий муҳит, мактабдаги таълим жараёнлари ва мактаб назорати бирма бир таҳлил қилиниб, улар таҳсил олаётган мактаб масъуллари, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ёшлар ишлари агентлиги мутасаддиларининг вояга етмаган ва ёшлар ўртасида жиноятчиликни олидини олиш борасида йўл қўйиб келаётган тизимли камчиликлари муҳокама қилиниб, ҳар бир масъулнинг жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги ҳисоботлари тингланди.
Ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу жараёнда фуқароларимиз, жамоатчилик вакилларининг ўрни ва роли ҳақида сўз юритган бошқарма бошлиғи, сўнги вақтларда кўп содир этилаётган ўғрилик, фирибгарлик, оила-турмуш доирасидаги тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятларнинг келиб чиқиш туб сабабларига тўхталди.
Хусусан, фуқаролар орасидаги лоқайдлик, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлиш оқибатида кўплаб салбий ҳолатлар юзага келаётганлиги, ёшларимиз томонидан ўғрилик, психотроп моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар аниқланаётанлиги, бу эса ўз навбатида давлатимиз келажаги бўлган ёш авлоднинг эртанги кунига салбий таъсир ўтказишини билдирди.
Бошқарма бошлиғи Шухрат Алиев ўз сўзида, бугунги йиғилишдан кўзланган асосий мақсад, айнан жиноят содир этган вояга етмаганларнинг шахсига ёки жиноят ишига тўхталиш эмас, балки ушбу жиноятнинг келиб чиқишига замин яратган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, ўз вақтида ушбу йўналишда йўл қўйиб келинаётган камчиликларни бартараф этиш, келгусида худди шу каби оғир оқибатли жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ҳамжиҳат бўлиб, “бир болага етти маҳалла ота-она” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилашдан иборатлигини таъкидлади.
Йиғилиш сўнгида иштирокчиларнинг мавзуга доир фикр-мулоҳазалари тингланди.
Келгусида мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган амалий чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижроси бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.