Бухоро шаҳридаги 35-сон умумтаълим ўрта мактабининг битирувчи синф ўқувчи ёшлари билан ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев иштирок этди.
Бугун, 25 май куни мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган Бухоро шаҳридаги 35-сонли умумтаълим мактаби битирувчи ёшларининг “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари катта байрам ва тантана тарзида нишонланди.
Тадбирда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбарининг битирувчиларга йўллаган табригини нафақат мустақил ҳаёт остонасида турган ўқувчи ёшлар, балки уларнинг ота-оналари ва устозлар ҳам катта қизиқиш ҳамда зўр ҳаяжон билан тингладилар.
Мамлакат раҳбари томонидан битирувчиларга бундай мурожаат илк бор йўлланаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқариш мақсадида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “Янги Ўзбекистон–мактаб остонасидан бошланади” - деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга киришилгани Бухоро вилояти мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Сўнгги қўнғироқ тадбири кенг тантана қилинаётган, 26 нафар олий, 44 нафар биринчи ва 39 нафар иккинчи тоифали педагоглар фаолият олиб бораётган, 2658 нафар ўқувчи ёшларни бағрига сингдирган ушбу 35-сонли мактаб мисолида ислоҳотлар натижаларини кўрадиган бўлсак, мақташга арзигулик ютуқлар қўлга киритилган.
Жумладан: мактабнинг “Ёш Темурбеклар” гуруҳи икки бор “Ёш гвардиячи” республика кўрик танловида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиб юқори натижаларни қўлга киритган.
11-синф ўқувчиси Фирдавс Собиров эса дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларидаги нуфузли олий ўқув юртларидан таклиф олиб, ҳозирда АҚШнинг Калифорния Университетида ўқишни ихтиёр этган. Энг қувонарлиси ушбу ўқувчи 55-Менделеев халқаро олимпиадасида олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон байроғини юксак чўққиларга кўтарди.
Вилоят ҳамда республика доирасида ўтказилган бир қатор олимпиада ва кўрик танловларда ғолибликни қўлга киритган 11-синф ўқувчилари Азиза Атабаева, Фитрат Ориповлар, 10-синф ўқувчиси Машҳура Юсупова, 9-синф ўқувчиси Ҳилола Ҳайдарова, 8-синф ўқувчиси Илҳом Абсаидов ва 4-синф ўқувчиси Машҳурбек Замиржоновларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Бугун умумтаълим мактабининг 11-синфини 134 нафар ўқувчи ёшлар тамомлаш арафасида турибди. Мустақил ҳаёт сари учирма бўлаётган бу ўқувчиларнинг ҳар бири ўз танловини қабул қилиб бўлган. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, уларнинг 69 нафари олий ўқув юртларига кириш истагини билдирган. 32 нафари техникумларга, 33 нафари коллежда ўқишни давом эттирмоқчи.
Мамлакатимиз раҳбарининг маърузасида битирувчиларга оқ йўл тиланиб, ҳар қадамда уларни қўллаб-қувватлаб турувчи мустаҳкам куч борлиги таъкидлаган ва уларга юксак ишонч билдирилган.
Ушбу мактаб ўқувчилари орасида давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, устозларнинг фидойилиги туфайли мактаб партасидаёқ талабалик бахтига мушарраф бўлган иқтидорли ўқувчиларнинг борлиги ҳам қувонарлидир.
Битирувчилар Сакина Ҳусенова Оксфорд Университетига, Ферангиз Садриддинова эса Тошкент байналминал Университетига муддатидан илгари ўқишга қабул қилиниб мактаб нуфузини яна ошишига олиб келди.
Президентимиз ўз табриги орқали мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб, “ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар” дея юксак умид ва ишонч билдирди. Бунда барча ота-оналар, устозлар, бутун бир мамлакатнинг умид ва ишончи мужассам.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбири якунида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев ҳам йигит-қизларга келажакда илм олиб, Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган Ватанпарвар фарзандлар бўлиб етишишларида омад ва мувафаққиятлар тилади.