27 Январ 2021 йил 1014

Бухоро шаҳридаги “SHADOZI” аёллар либослари салонида содир этилган ўғирлик жинояти фош этилди

Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига Бухоро шаҳар Алпомиш кўчасида яшовчи, 1963 йилда туғилган М.М. мурожаат қилиб, 2020 йилнинг июль ойидан 2020 йилнинг август ойига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унга тегишли бўлган шаҳарнинг Мустақиллик кўчасида жойлашган “SHADOZI” аёллар либослари салонига ғайриқонуний равишда кириб, салондан жами баҳоси 3.100.000 сўмлик 9 дона аёллар кўйлакларини яширин равишда ўғирлаб кетганлигини баён қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (ўғирлик) 2-қисми билан номаълум шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамда Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон Ички ишлар бўлими ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Қ.Дарвоза кўчасида яшовчи, 1993 йилда туғилган Н.С. содир қилганлиги фош этилди.

Ҳозирги кунда жиноят ишида гумон қилинувчи Н.С.га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech