21 Ноябр 2020 йил 375

Бухоро тумани 3-секторида “Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш” шиори остида “Меҳр ва саҳоват” тадбири ўтказилди

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари” шакллантирилиб, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга манзилли ёрдам берилаётгани, шу қаторда эҳтиёжманд оилалар вакиллари бандлигини таъминлашга эътибор кучайтирилгани, оилалар даромадини ошириш орқали уларни “темир дафтар”дан чиқариш чора-тадбирлари кўрилаётгани вак бунинг натижасида жойларда қатор муаммолар ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол албатта.

Куни кеча Бухоро тумани Ички ишлар бўлими раҳбарлигидаги 3-секторга қарашли “Янгиобод”, “Талалиён”, “Кулонхона”, “Кунжи қалъа” ҳамда “Зарманоқ” МФЙ лари аҳоли билан туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш” шиори остида ҳудуддаги “Сарбон” маросимлар уйида тантанали тадбир ўтказилди. Унда кам таъминланган оилалар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, таниқли санъаткор ва шоирлар иштирок этдилар.

Дастлаб, танатаналар уйи қаршисида арзонлаштирилган нархларда  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари  ҳамда “минитехнологиялар” ярмаркаси, шунингдек, маҳаллий ҳунармандлар кўл меҳнати намуналари намойиши ташкил этилди. Тижорат банклари томонидан эса аҳолига 3 йил муддатга 30 миллион сўмгача бўлган миқдорда бериладиган ва гаров талаб этилмайдиган 15 фоизли имтиёзли микрокредитлар таклиф қилинди.

Меҳнат ярмаркасида 30 дан ортиқ бюджет ташкилоти ва 20 дан ортиқ хусусий сектор вакиллари ўзларининг жами 400 га яқин бўш иш ўринлари билан қатнашди.  Уларнинг аксариятида ойлик иш ҳақи 780 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача белгиланган. Шу боис тадбирга келган 20 дан ортиқ фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди ва “темир дафтар”дан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорликда 3-секторда  истиқомат қилаётган, ҳозирги кунда аниқ бир касб-ҳунарга ва доимий иш билан банд бўлмаган 22 нафар фуқарони касб ҳунарга ўқитиш мақсадида “устоз–шогирд” усулида ўқитишга йўналтирилди. Худди шундай, “темир дафтар”га киритилган 10 та оиланинг  томорқасида давлат субсидияси асосида бир сотихли иссиқхона қуриб бериш ишлари бошланди.  

Фақат шугина эмас, тадбир доирасида “темир дафтар”дан ўрин олган 4 та эҳтиёжманд оиланинг 5 нафар фарзандлари суннат тўйи ҳам ҳомийлик асосида ўтказиб берилди. Тўйболаларга бош-оёқ сарпо кийдирилиб, совғалар берилди. Хайр-саховат ва меҳр-мурувват тадбирига айланган тантанада яна 5 нафар имконияти чекланган, ижтимоий кўмакка муҳтож  фуқарога ногиронлик аравачалари ҳам топширилиб, халқаро спорт мусобақаларида муносиб қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келаётган умидли ёшлар ва ҳудуд фаоллари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.  

Text to speech