Бухоро туманидаги кийим-кечак дўконида содир этилган ўғирлик жинояти фош этилди
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни тахминан соат 10:30 ларда номаълум шахс Бухоро туман Ойбек маҳалласи Буюк Ипак йўли кўчасида жойлашган фуқаро Д.О.га тегишли бўлган кийим-кечак савдо дўконидан жабрланувчига тегишли, ичида 4.000.000 сўм нақд пуллар бўлган аёллар қўл сумкасини яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлик жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилиб, Бухоро тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ва туман Ички ишлар бўлими ходимларининг ҳамкорликда олиб борган тезкор суриштирувлари натижасида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Варахша маҳалласида яшовчи, 1993 йилда туғилган Р.А. ҳамда унинг жиноий шериги Бухоро шаҳар Алпомиш кўчасида яшовчи, 1990 йилда туғилган Н.А. исмли қизлар содир қилинганлиги аниқланган.
Ҳозирги кунда жиноят ишида гумон қилинувчи сифатида жалб этилган Р.А. ва Н.А.га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.