Бухоро вилоят 3-сектор раҳбари Шофиркон туманида сайёр қабул ўтказди
Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, вилоят ҳокими ва Халқ қабулхонаси томонидан тасдиқланган режа асосида бугун, 28 июль куни Шофиркон тумани “Мингчинор” маҳалласи аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ва туман 3-сектор ишчи гуруҳи аъзолари, бошқа мутасадди идоралар масъуллари, ушбу маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси иштирок этдилар.
Қабулда кўтарилган 10 дан ортиқ фуқароларнинг турли ижтимоий-иқтисодий мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, маҳаллада “соҳабай”, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъулларига топшириқлар берилди.
Иш юритувига олинган, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, мутасаддиларга ҳар бир йўналиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Аҳоли билан мулоқотда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга оид амалга оширилаётган чора-тадбирлар жойига чиқиб ўрганилиб, маҳалалларда янги иш ўринларини яратиш, асосан “Темир”, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарларига кирган, шунингдек ишсиз фуқароларни доимий иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган янги корхоналар фаолияти ва уларнинг имкониятлари бирма-бир ўрганилди.
Бошқарма бошлиғи тегишли мутасаддилар билан биргаликда маҳаллада иш бошлаган тикув цехи ҳамда энди фойдаланишга топширилиши кутилаётган мой ишлаб чиқариш заводи фаолиятини яқиндан ўрганиш жараёнида, ўзининг бир қатор тавсия ҳамда таклифларини билдирди.
Сайёр қабулда иштирок этган маҳалла фаоллари маҳаллада амалга оширилган кенг кўламли қурилиш таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун мутасаддиларга ўзларининг миннатдорчиликларини билдириб, президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги исботини ўз ҳаётларида ҳис этганликларини мамнунлик билан таъкидладилар.