Бухоро вилоят Ички Ишлар Бошқармаси раҳбарияти Вобкент туманидаги тадбиркорлар билан учрашди.
Бухоро вилояти ҳокими, вилоят сектор раҳбарлари ва Бухоро вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулҳонаси ҳамкорлигида тасдиқланган ҳудудларда тадбиркорларни сайёр қабул қилиш жадвали асосида 2021 йилнинг 12 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қ.Батиров ва туман ҳокими Ф.Умаровлар Вобкент тумани ҳокимлиги биносида тумандаги тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорлик ташаббускорлари билан сайёр учрашув ўтказди.
Вилоят мутасадди идоралар раҳбарлари, туман масъул идора ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда, Вобкент тумани “Розмоз” маҳалла фуқаролар йиғини Розмоз аҳоли пунктида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор Ғ.Очиловнинг тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида 300 тонна сиғимли совутгич ташкил этиш учун имтиёзли равишда ер майдони ажратилишига кўмаклашиш, ушбу маҳалланинг яна бир фуқароси “Дуоба ғишт сервис” масъулияти чекланган жамият раҳбари Ҳ.Очиловнинг ўзи раҳбарлик қилаётган МЧЖга тегишли бўлган 3 гектардан иборат ер майдонида интенсив лойиҳалар асосида боғдорчиликни ташкил этиш учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилишида кўмаклашиш, “Қурувчи” маҳалла фуқаролар йиғини Арабон кўчаси 9-уйда яшовчи Н.Самандаровнинг тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун чорвачилик йўналишида 500 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари олишда амалий ёрдам бериш ва шу каби 10 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди.
Ўтказилган сайёр қабулда иштирок этган барча тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорлик ташаббускорларининг мурожаатлари эшитилиб, мурожаатлар юзасидан “Ҳалқ банки” ва “Агробанк” Вобкент тумани филиаллари ҳамда туман ҳокими ўринбосарларига тегишли топшириқлар берилди ва ижроси алоҳида назоратга олинди.