Бухоро вилояти прокурори Махмуд Истамов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиевлар Жондор туманида содир бўлган мудҳиш қотиллик жиноятини кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилдилар.
2021 йилнинг 13 июль куни соат 19:00 ларда, Жондор тумани Самончуқ маҳалласидаги “Нозима Ниёз” фермер хўжалиги дала майдонида, туманнинг Истиқлол маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган Ф.З. исмли шахс, ишқий муносабатда бўлиб келган Самончуқ маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган Ж.М. исмли турмушга чиқмаган қиз билан рашк оқибатида жанжаллашиб, унинг бўйин ва кўкрак соҳасига ошхона пичоғини санчиб оғир тан жароҳати етказган, натижада жабрланувчи Ж.М. воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Ф.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 97-моддаси (қотиллик) 1-қисми билан жиноят иши қўғатилиб, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 15 июль куни Бухоро вилояти прокурори Махмуд Истамов ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиевлар томонидан, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари, “Самончуқ” ва “Истиқлол” маҳаллалари мутасаддилари, ушбу маҳаллаларнинг профилактика инспекторлари, маҳаллалар ҳудудидаги қишлоқ ва кўча вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирлар жойига чиқиб ўрганилди ва жиноят муҳокамаси ўтказилди.
Жиноятни муҳокама қилиш жараёнида маҳалла мутасаддилари ва ҳуқуқ тартибот маскани профилактика инспекторининг ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботлари тингланиб, масъулларнинг мазкур жиноят сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар юзасидан тушунтиришлари эшитилди.
Вилоят прокурори ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори, туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими мутасаддилари ва ички ишлар бўлими томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликларни танқидий муҳокама қилдилар.
Масъул раҳбарлар томонидан жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари бирма бир таҳлил қилинган ҳолда ушбу маҳаллада, шунингдек, туманнинг қолган барча маҳаллаларида Бухоро вилояти ҳокимининг фармойиши асосида жорий йилнинг 15 июль кунидан 15 август кунига қадар эълон қилинган “Ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш, соғлом муҳитни тарғиб қилиш, жиноятчилик профилактикаси билан шуғулланиш” ойлиги доирасида амалга оширилиш лозим бўлган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилаш, маҳаллабай ва хонадонбай иш тартибини жадаллаштириш, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими бўйича кенг қамровли профилактик тадбирларни амалга ошириш бўйича туман сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар бериб, ушбу жиноят муҳокамасини туманнинг бошқа барча маҳаллаларида кенг муҳокама қилиш, жиноятчиликни жиловлаш борасида жамоатчилик билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, масжидларда ўқиладиган жамоавий ибодатларда ўқиладиган маърузаларда тарғибот тадбирларини кучайтириш, маҳаллаларнинг обрўли отахон ва онахонлари мавқеидан фойдаланган ҳолда нотинч ва низоли оилалар билан ишлаш лозимлиги уқтирилди.