16 Феврал 2021 йил 646

Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шофиркон туманида “маҳаллабай” тизим асосида амалга оширилаётган иш жараёнлари билан яқиндан танишди

Жорий йилнинг 16 февраль куни вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев секторга қарашли Шофиркон туманида “маҳаллабай” тизим асосида ташкиллаштирилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида, туманнинг 4 та сектор раҳбарлари томонидан энг оғир ҳудудлар сифатида танлаб олинган “Мингчинор”, “Вардонзе”, “Жилвон” ва “Дўрмен” маҳаллаларига ташриф буюриб, ушбу маҳаллаларда амалга оширилаётган тозалаш-ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Ўрганиш жараёнида Ш.Алиев туман ҳокими ва сектор раҳбарларига “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларни ободонлаштиришда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, шу билан биргаликда маҳаллаларни ҳуқуқбузарлик ва жиноятлардан холи қилишга қаратилган чора тадбирларни назарда тутувчи замонавий технологиялардан кенгроқ фойдаланган ҳолда, маҳаллаларнинг марказий ва асосий кўчаларига видеокузатув камералари ўрнатиш ҳамда уларни профилактика инспекторининг хизмат хонасига интеграция қилиш масалаларида зарурий кўрсатма ва топшириқлар берди.

Бундан ташқари, ушбу маҳаллалар ички йўлларини таъмирлаш, шағал ётқизиб текислаш борасида Бухоро вилояти Йўл қурилиш бошқармаси масъулларига ҳам аниқ ва манзилли топшириқлар бериб, вазифаларни йўл харитасида акс эттириб, бажаришнинг аниқ муддатларини белгилаган ҳолда алоҳида назоратга олди.

Бу каби тадбирлар Бухоро вилояти 3-секторига қарашли Ғиждувон ҳамда Вобкент туманлари  ҳамда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги 3-секторларга қарашли ҳудудларида ҳам уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

Text to speech