16 Октябр 2020 йил 801

Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари Ш.Ҳ.Алиев Қоровулбозор туманининг энг чекка ҳудуди бўлган Жарқоқ маҳалласида сайёр қабул ўтказди

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, сектор  аъзолари, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ва туман ташкилотлари масъуллари ҳамроҳлигида қўшни Қашқадарё вилояти билан чегара ҳудуд ҳисобланган, вилоят марказидан 100 километр узоқлиқда жойлашган Қоровулбозор туманининг Жарқоқ маҳалласи аҳолиси билан сайёр қабул ўтказиб, ушбу ҳудуднинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган муаммолар, ечимини топа олмаётган масалаларни жойига чиқиб ўрганди.

Сайёр қабул маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 9-сон Мактабгача таълим муассасасида, карантин талабларига тўла риоя қилинган ҳолда ўтказилиб, ҳар бир фуқаронинг мурожаати тингланди.

Қабул давомида жами 26 нафар фуқароларнинг турли масалалар юзасидан қилган мурожаатлари кўриб чиқилди.

Жумладан: 4 та Ички ишлар органларига ишга кириш, 1 та “Жарқоқ” маҳалласи “Шодлик” кўчасини кесиб ўтувчи йўлни таъмирлаш, 1 та маҳалла кўчаларидаги тунги ёртиш чироқларини янгилаш ва янгиларини ўрнатиш, 1 та Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, 1 та 16 ёшга тўлган шахсга фуқаролик паспортини олишда ёрдамлашиш, 1 та тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит олишда ёрдамлашиш, 1 та сабзовот ва полиз экинлари етиштириш учун ер ажратиш, 1 та намунали уй-жой ажратиш, 1 та жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун моддий ёрдам ажратиш, 5 та ишсиз юрган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, 1 та қишки мавсумда иссиқлик тизимидаги носозликни бартараф қилиш, 1 та кўп қаватли уйлар олдида болалар майдончаси қуриш, 3 та чала қуриб берилган иссиқхона пудратчиларига чора кўриш, 1 та ногиронлик нафақаси олишда ёрдам бериш, 3 та ногирон ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва озиқ-овқат махсулотлари ажратиш масалаларида бўлди.

Сайёр қабул жараёнида келиб тушган мурожаатларнинг 14 таси (54%) ижобий ҳал қилинган бўлса, 5 таси (19%) бўйича қонунда белгиланган тартиб қоидалар тушунтирилиб, 7 та (27%) мурожаатлар қўшимча ўрганиш учун ижрога қаратилди. 

Мутасаддилар томонидан ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи оилаларнинг моддий аҳволи, иш билан таъминланганлиги ва бошқа ҳолатлари ҳам ўрганилиб, фуқароларга қўшимча даромад қилиш усуллари тушунтирилди.

Шу билан бирга, қабул давомида Қоровулбозор тумани Жарқоқ МФЙ Шодлик кўчаси 79-уйда яшовчи, Нуров Нуриддин Нормуродовичга унинг мурожаати асосида ҳар бир оила тадбиркор дастури асосида чорвачилик фаолияти билан шуғулланиши учун кредит ажратиш бўйича туман “Агробанк” бошлиғига топшириқ берилиб, ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Худди шундай, Қоровулбозор тумани Жарқоқ МФЙ Шодлик кўчаси 101-уйда яшовчи Ашуров Тўймурод Қурбоновичнинг мурожаати асосида таъмирталаб йўлга шағал ётқизилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.

Қоровулбозор тумани Темир йўл кўчаси 10-уйда яшовчи Қурбанова Гулноз Ахмадовнага Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олганлиги сабабли, унга фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди.

Шу билан бирга, Қоровулбозор тумани 3-сектор худудидаги “Жарқоқ” МФЙда “Темир дафтар”га кирувчи оила сифатида рўйхатга олинган М.Сатторова ва О.Шамсиеваларнинг моддий ёрдам ажратиш масаласида қилган мурожаатлари юзасидан, уларнинг яшаш уйига борилиб, ишчи гуруҳ томонидан озиқ-овқат махсулотлари етказиб берилди.

Сайёр қабул жараёнида туманда мавжуд бўш иш ўринларига меҳнат ярмаркаси ҳам ўтказилиб, 11 нафар ишсиз фуқароларга бандликка кўмаклашиш маркази томонидан йўлланма берилди.

Қўшимча ўрганиш учун қабул қилиб олинган мурожаатлар юзасидан мурожаат муаллифларига ўрганиш натижалари ҳақида хабар берилиши тушунтирилиб, ҳар бир мурожаатни ҳал этилиши борасида туман сектор раҳбарлари, вилоят ва туман тааллуқли идоралари масъулларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, алоҳида назоратга олинди.

 

Text to speech