4 Июн 2021 йил 598

Бухоро вилояти 3-секторига қарашли Шофиркон туманида ғалла ўрим мавсумига старт берилди.

Бугун вилоят 3-секторига қарашли Шофиркон туманидаги “Азим – Шофиркон юлдузи” фермер хўжалигида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят 3-сектор раҳбари Шухрат Алиев ҳамда вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари, туман сектор раҳбарлари, барча туман ҳокимлари ҳамда қишлоқ хўжалигига масуъллар иштирокида вилоятда 2021 йил ғалла ўрим-йиғими тадбирларини амалга ошириш бўйича семинар бўлиб ўтди.

Семинарда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, вилоятда 2021 йил ҳосили учун 2926 та фермер хўжаликлари томонидан 60,6 гектар майдонларда ғалла парвариш қилиниб,  363,6 минг тонна ғалла ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, бу мақсад йўлида барча агротехник тадбирлар ўз вақтида олиб борилганлигини алоҳида таъкидлади. Жорий йилда вилоят ғаллакорлари 135 минг 572 тонна давлатга дон сотишни режа қилишган бўлса, шундан 120 минг 472 тонна товар дон ва 15 минг 100 тонна уруғлик донни ташкил этади, дея маълумот берди.

Ўрим мавсумида масъуллар олдида турган вазифаларга диққат қаратиб, ҳар бир туманда ғалла ўрим-йиғими штабларини ташкил этган ҳолда уч сменада, 24 соатлик режимда ишлаш, ғалла ўрим-йиғими отрядларини ташкил этиш, ҳар бир ғалла ўрим комьбайнларига туман ҳокимлигидан фидойи раҳбарларни отряд раҳбари қилиб бириктириш, отрядга ўриладиган ғалла майдонларини белгилаб, фермер хўжаликларини номма-ном бириктириш ва ғалла ўриш графикларини тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, ўрим-йиғим мавсумига сафарбар этилган барча масъулларга ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни амалга ошириш, ижросини назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Вилоятимиз туманлари қаторида шофирконлик бободеҳқонлар ҳам жорий йил ҳосили учун 6154 гектарга сара уруғлик дон сепиб, 13 минг 999 тонна хирмон кўтаришга аҳд қилишган. Бунинг учун ўрим-йиғим мавсуми олдидан 21 та ўрим комбайни ва 75 та юк машиналари техник кўрикдан ўтказилиб, шай ҳолатга келтирилган.

Узоқ йиллардан бери қишлоқ хўжалигида номдор, тажрибали фермер сифатида танилган “Азим – Шофиркон юлдузи” фермер хўжалиги ўзига тегишли 174,2 гектарлик майдоннинг  85,1 гектарига “Старшина” навли ғалла уруғи қадаган бўлиб, 167,7 тонна давлатга дон топширишни режа қилган. Бугунги семинар давомида хўжаликнинг самарали фаолияти, юқори натижаларга эришиб келаётгани эътироф этилди. Вилоятда старт олган ўрим мавсумининг мазкур хўжаликдан бошланиши ҳам бунинг амалий тасдиғидир. “Темир от” жиловини маҳкам тутган “Кейс” комбайни оператори Ғиёс Жўраев семинар якунида ўрим жараёнини бошлаб берди.

Бундан ташқари, ғўза парвариши билан боғлиқ ҳолат ҳам тилга олиниб, турли зараркунанда ва касалликларга қарши кураш олиб бориш бўйича қилиниши лозим бўлган вазифалар айтиб ўтилди ҳамда бу бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Text to speech