30 Март 2021 йил 442

Бухоро вилояти 3-секторига қарашли Шофиркон туманида Давлат дастурига киритилган йўналишлардаги чора-тадбирлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда сўнги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида таълим тизимини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим олиши учун муносиб шарт-шароитларни яратиш, мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатга қизиқишларини ошириш, жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиш, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишларини ривожлантириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда вилоят 3-секторга қарашли туманларда ҳам қатор амалий ва манзилли тадбирлар белгилаб олинган.

Жорий йилнинг 19 февраль куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев Шофиркон туманининг Дўрмон маҳалласида жойлашган 3-сонли умумтаълим мактабининг 1975 йилда қурилган Султонобод маҳалласидаги филиалини ўрганиб, туман ҳокимлиги, тегишли мутасадди идоралар, туман Халқ таълими бўлими ва мактаб масъулларидан иборат ишчи гуруҳ тузган ҳолда, ушбу таъмирталаб мактаб фаолиятини ривожлантириш, ўқитувчи ва ўқувчи ёшларга зарурий шарт-шароитларни яратиш бўйича бажариш муддатлари аниқ кўрсатилган йўл харитаси ишлаб чиқиб, янги бино лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва бинони қуриш бўйича аниқ топшириқлар берган эди.

Бугун, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари ва туман сектор раҳбарлари биргаликда, ҳалқ таълими бўлими мутасаддилари ва маҳалла фаоллари билан иштирокида мазкур илм даргоҳининг янги биносини қуриш учун тамал тошини қўйдилар.

80 ўринга мўлжалланаётган ушбу мактаб филиалининг янгидан бунёд этилиши ўқувчи-ёшлар ва бу ерда фаолият олиб бораётган педагоглар учун чинакам қувончли воқеа бўлди.

“Амиршоҳ моҳир қурувчи” МЧЖ томонидан жорий йилнинг июнь ойига қадар қурилиши тугалланиши белгилаб олинган зиё масканида барча қулайликлар яратилиши алоҳида назоратга олинди.

Ўқувчилар айни пайтда таълим олаётган эски бино эса қайта таъмирланиб, 26-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти сифатида ишга туширилади.

Бундан ташқари, масъуллар туман марказида мукаммал ва капитал таъмирдан чиқарилган Шофиркон тумани ахборот-кутубхона марказининг очилиш маросимида иштирок этиб, китобхонлар учун яратилган кенг имкониятлар ва шарт-шароитлар билан танишиб, замонавий қиёфа касб этган зиё масканининг китоб фонди, электрон китобларни мутолаа қилиш имкониятларини ўргандилар.

Туман ахборот-кутубхона маркази шофирконликлар учун қадрли масканга айланиб, кенг аҳоли орасида китобхонлик маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.

Бу каби тадбирлар вилоят 3-секторига қарашли туманлар ҳамда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги 3-секторларига қарашли ҳудудларда амалга оширилиши алоҳида назоратга олинган.

Text to speech