Бухоро вилояти 3-секторига қарашли Шофиркон туманининг “Чуруқ” ва Ғиждувон туманининг “Оғитма” олис ҳудудларида белгилаб берилган вазифалар ижроси назорат тариқасида ўрганилди.
Аввал хабар берганимиздек, 2021 йилнинг 25 май куни Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев тегишли мутасаддилар билан биргаликда Шофиркон туманининг олис ҳудудларидан бири бўлган Шароф Рашидов маҳалласи “Чуруқ” ҳамда Ғиждувон туманининг Кўкча маҳалласига қарашли “Оғитма” аҳоли пунктларига бориб, аҳоли билан учрашиб, ушбу аҳоли пунктлари фуқароларини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб, аниқланган ҳар бир масала ва ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш, ижтимоий объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш юзасидан чора-тадбирларни белгилаган ҳолда, масъулларга аниқ ва манзилли топшириқлар бериб келган эдилар.
Жорий йилнинг 31 июль куни мазкур ҳудудлар бўйича ишлаб чиқилган йўл харитасида белгилаб берилган вазифалар ижросини назорат тариқасида ўрганиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 23 июль кунидаги “Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш, 30-июль “Халқлар дўстлиги куни” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллик байрами олдидан вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев ишчи гуруҳ билан биргаликда мазкур олис ҳудудларда бўлиб қайтдилар.
Чуруқ ва Оғитма аҳоли пуктида бўлган мутасаддилар томонидан йўл харитасида белгилаб берилган вазифалар ижроси бирма-бир кўздан кечирилиб, ушбу овулларда истиқомат қилувчи фуқароларимизнинг ўй-хаёллари, уларнинг турмуш тарзи, кайфияти, кундалик турмуши давомида уларни қийнаб келаётган ижтимоий масалалар, аёллар, ёшлар ва вояга етмаганлар муаммолари ҳам назоратдан четда қолмади.
Мазкур иккала овулда ҳам туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар доирасида кўчма савдо ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркада 20 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат ва бошқа кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган нарса-буюмлар арзон нархларда сотувга қўйилди.
Чуруқ ва Оғитма овули аҳолиси вакиллари, марказдан қарийб 180-200 километр олисда жойлашган ушбу ҳудудлар аҳолисидан доимий хабардор бўлиб турган барча мутасаддиларга ўзларининг миннатдорчиликларини билдириб, ўзлари яшаб келаётган аҳоли пунктидаги ўзгаришлардан, аҳолининг турмуш тарзи яхшиланаётганлигидан мамнун эканликларини маълум қилдилар.