Бухоро вилояти 3-секторининг МОБИЛЬ ШТАБИ Шофиркон туманининг Дўрмон маҳалласидан, Вобкент тумани Кўлхатиб маҳалласига кўчиб ўтди.
Бухоро вилояти 3-сектори раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев Шофиркон туманининг Дўрмон маҳалласига кўчиб ўтиб, вилоят ишчи гуруҳи аъзолари билан биргаликда маҳаллада ётиб ишлаш тизимига ўтганлиги тўғрисида хабар берган эдик.
Бугун, Бухоро вилояти 3-секторининг МОБИЛЬ ШТАБИ Шофиркон туманининг Дўрмон маҳалласидан, Вобкент туманининг Кўлхатиб маҳалласига кўчиб ўтиб, туманнинг ижтимоий аҳволи энг ёмон дея баҳоланган мазкур маҳалласида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев бошчилигида, Вобкент туманига бириктирилган вилоят ишчи гуруҳи аъзолари билан биргаликда маҳаллаларда амалга оширилаётган “Маҳаллабай” тизим асосидаги ишлар жараёнини ўрганиб, амалий ёрдам беришни бошлади.
Дастлаб, бошқарма бошлиғи Шухрат Алиев туман ҳокимлиги мажлислар залида сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари, маҳалла раислари билан учрашиб, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларида, айниқса ижтимоий аҳволи оғир деб баҳоланган маҳаллаларда “Маҳаллабай” тизим асосида ишларни ташкил қилиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Маҳалла ислоҳотчи” тамойиллари асосида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар, манзилли ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботларини тинглаб, маҳалла кесимида муҳокамалар ўтказди.
Жараёнда, ҳудудларга бириктирилган вилоят ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳар бирига алоҳида вазифаларни тақсимлаб бериб, маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ободонлаштириш, “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига кирган фуқароларнинг яшаш ва турмуш тарзини яхшилашга қаратилган “Маҳалла ислоҳотчи” тамойили асосида ушбу маҳаллаларга бириктирилган туман сектор раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, туман иқтисодий сектор ходимларининг иш натижаларини ҳам танқидий муҳокама қилди.
Вилоят ИИБ бошлиғи Шухрат Алиев, турли идоралар ва электрон порталлар орқали туман аҳолисидан келиб тушган мурожаатларни мониторинг қилиб, қилинган такрорий ва бажарилмай қолиб кетган мурожаатлар бўйича қўшимча тадбирларни белгилаган ҳолда аниқ чоралар кўриш, тумандаги барча мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактабларини бирма-бир кўздан кечириб, ҳар бири бўйича алоҳида таклифлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.
Ҳудудларда амалга оширилаётган маҳаллабай иш тизимини кўздан кечириш мақсадида ҳудудларга чиққан бошқарма бошлиғи, туман ҳокими Фарҳод Умаров ҳамроҳлигида марказий бозор ҳудудида янги иш ўринларини яратиш ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига кирган фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва ҳар томонлама қўллаб қувватлаш мақсадида ташкил қилинган “Оилавий тадбиркорликни қўллаб қувватлаш Маркази”га бориб, ушбу марказ фаолияти, унинг қулайликлари, шарт-шароитлари ва имкониятлари билан яқиндан танишди ва Вобкент туманида яратилган бу тажрибани вилоят 3-секторига қарашли бошқа туманларда ҳам тадбиқ этиш юзасидан ўзининг таклиф ҳамда тафсияларини берди.
Шундан сўнг, масъуллар Бухоро вилояти 3-секторининг МОБИЛЬ ШТАБИ иш бошлаган Кўлхатиб маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюриб, маҳаллада амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўздан кечирдилар ва аниқланган бир қатор камчиликлар юзасидан вилоят ишчи гуруҳи аъзолари ва туман мутасаддиларига манзилли ва аниқ кўрсатмалар бердилар.
Бу каби тадбирлар Вобкент туманининг барча маҳаллаларида, вилоят 3-секторига қарашли туманлар ҳамда шаҳар ва туманларнинг ички ишлар органлари бошлиқлари масъуллигидаги 3-секторларда жадаллик билан амалга оширилмоқда.