Бухоро вилояти Давлат санитария ва эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи пора билан қўлга тушди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси тезкор ходимлари ҳамкорлигида вилоят ҳудудида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли тезкор ва профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Фуқаро Қ.М.нинг аризаси юзасидан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда, 2020 йил 07 ноябрь куни тахминан соат 09:20 ларда Бухоро вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи Бухоро тумани Чорбакр МФЙда яшовчи, 1967 йилда туғилган Қ.Р. ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда Бухоро шаҳридаги “Жамила Жаҳони Лаззат Омад” МЧЖ раҳбари Қ.М. дан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан карантин қоидаларига риоя қилинмаганлиги ҳолати бўйича жорий йилнинг 22 сентябрь куни тузилган далолатнома бўйича жарима тайинламаслик эвазига пул талаб қилиб, таъмагирлик йўли билан кимёвий ишлов берилган 400 АҚШ доллари ва 500.000 сўм нақд пулларни ўзининг хизмат хонасида пора тариқасида олаётган вақтида жиноят устида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-модда 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.