Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида содир этилган жиноятлар “соҳабай” муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ички ишлар вазирлиги кенгайтирилган Ҳайъат йиғилишида берган топшириқлари ҳамда жорий йилнинг 17 март куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишнинг “Маҳаллабай”, “Соҳабай”, “Фуқаробай” тизимлари ва “Ҳудуд методикаси”ни яратиш юзасидан ўтказилган йиғилишда берган кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда содир этилган жиноятлар соҳабай таҳлил қилиниб, жиноят содир қилган шахслар фаолият олиб борган корхона, ташкилот ва муассасаларда кенг муҳокама қилинмоқда.
Бугун, вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази мажлислар залида, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Ж.Ҳ.Болтаев томонидан вилоят Халқ таълими бошқармаси, унинг қуйи тизимлари, умумтаълим мактаблари раҳбар ва масъул ходимлари, ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан содир этилган жиноятлар тизим масъуллари ва фаоллари иштирокида кенг муҳокама қилинди.
Халқ таълими бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари мутасаддилари, умумтаълим мактаблари раҳбар ва ўқитувчилари ҳамда ўқувчи ёшлар томонидан содир этилаётган барча турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, ёшлар ўртасида учраётган суицид ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари, эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатларига тўхталиб ўтилиб, ёш авлодни тарбиялашга масъул бўлган мутасаддилар ва ўқитувчиларнинг жиноятга қўл уриши ачинарли ва фавқулотда ҳолат эканлиги таъкидланиб, умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан содир этилаётган жиноятлар бирма-бир кўриб чиқилди.
Шунингдек, йиғилишда давомида тизимда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олидини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу жараёнда масъулларнинг ўрни ва роли тўғрисида сўз юритилиб, 2020 йил ва 2021 йилнинг 2 ойи давомида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароит ва омиллар аниқ мисоллар орқали таҳлил қилинди.
Вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Д.Мустафаева Халқ таълими масъул ходимлари ва шаҳар-туман умумтаълим мактаблари директорлари, мутасаддилари ва ўқитувчилари, шунингдек мактаб ўқувчилари ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.
Вилоят Халқ таълими бошқармаси масъул ходимларига ҳар-бир шаҳар-туман Халқ таълими бўлими бошлиқлари, умумтаълим мактаб директорлари ва ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирокида ҳудудларда соҳа ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар, тизимли муҳокама этилиб, олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланиши тўғрисида топшириқлар берилди.
Йиғилиш сўнгида иштирокчиларнинг мавзуга доир фикр-мулоҳазалари тингланди.