10 Август 2021 йил 564

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев Когон шаҳар “Темирйўлчилар” маҳалласи аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди.

Жорий йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари”га бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан барча вазирлик ва идораларга аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ҳудудларда мавжуд ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни бартараф этиш борасида қатор вазифалар берилиб, кундалик мурожаатлар билан ишлаш тизими жорий этилди.

Мазкур йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича кунлик графиклар ишлаб чиқилиб, бошқарманинг ўзида, бундан ташқари вилоятнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманлари, шунингдек қолган барча шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли маҳаллаларида ҳар куни жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қабули йўлга қўйилди.

Худди шундай навбатдаги сайёр қабул жорий йилнинг 10 август куни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан Когон шаҳар “Темирйўлчилар” маҳалласида ўтказилди.

50 дан ортиқ маҳалла фуқаролари ва фаоллари иштирок этган сайёр қабулда, 21 та турли масалалардаги мурожаатлар Халқ демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Зулфия Тўйева, Бухоро давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров, Бухоро вилояти 3-сектор ишчи гуруҳи аъзолари, Когон шаҳар ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ҳамда шаҳар мутасадди идоралар масъуллари, маҳалланинг бошқарув офиси ходимлари ҳамда ушбу маҳаллага бириктирилган иқтисодий сектор масъуллари иштирокида маҳалла муаммолари ўрганилиб, фуқароларнинг мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.

Мурожаатларни ўрганиш жараёнида маҳалла бошқарув офиси ходимлари, бириктирилган иқтисодий сектор масъуллари томонидан амалга оширилган маҳаллабай ва фуқаробай иш тизимининг етарли даражада ташкил қилинмаганлиги, мурожаатларнинг аксарияти шу маҳалланинг ўзида, бириктирилган масъуллар томонидан бартараф этиш мумкин бўлган муаммолар эканлиги қайд этилиб, мутасадди идоралар раҳбарлари қаттиқ танқид қилинди.

Келиб тушган мурожаатларнинг 15 таси жойида ўз ечимини топган бўлса, 6 та мурожаат қўшимча ўрганиш учун иш юритувига олинди.

Иш юритувига олинган, қўшимча текшириш ва муддат талаб қиладиган мурожаатлар ижроси Ички ишлар бошқармаси томонидан алоҳида назоратга олиниб, мутасаддилардан “соҳабай”, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш,  мурожаатларнинг ижобий ечимини топиш, ҳал этиш ва фуқароларни рози қилишга қаратилган аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.

Аҳоли билан бундай очиқ мулоқотларнинг самараси ўлароқ маҳаллаларда аниқланган ижтимоий масалалар ушбу маҳалланинг ўзида ҳал этилиб, асосий эътибор маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, йўл, ичимлик ва оқова сувлари ҳамда табий ва суюлтирилган газ таъминоти, ижтимоий объектлардаги муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ масалаларни бартараф этишга қаратилмоқда.

Маҳаллалардаги муаммолар туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этилишига қараб тоифаларга ажратилиб, манзилли тадбирлар олиб борилмоқда. Натижада муаммоларнинг бартараф этилиши, аҳоли мурожаатларининг ижобий ечим топишига эришилмоқда.

Сайёр қабул давомида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 696-сонли Қонуни талабларидан келиб чиқиб, Темирйўлчилар маҳалласида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилганлиги муносабати билан уларнинг ID карталари тантанали равишда топширилди.

Text to speech