Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиевнинг “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуроллик Кучлари ташкил топганининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига байрам табриги
Бугунги қутлуғ сана – “Ватан ҳимоячилари куни” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан барча шахсий таркибни ва фахрийларимизни самимий табриклайман.
Ҳар қандай давлатнинг куч – қудрати унинг армияси билан баҳоланади.
Зотан, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу ғоя асосида, Миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини янада юксалтириш ва уни ихчам, тезкор тузилмага айлантириш борасида амалга оширилаётган ўзгаришлар бугун ҳеч кимга сир эмас.
Ҳақиқатдан ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон Миллий армияси жадал ривожланмоқда, унинг жанговар қобилияти
ва тайёргарлиги изчил ошиб бормоқда, мамлакатимизнинг мудофаа қудрати мустаҳкамланмоқда, фуқароларимизнинг тинч осойишта ҳаёти таъминланмоқда. Халқимиз ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ватан ҳимоячилари билан ҳақли равишда фахрланади.
Шу боис бугун олдимизга қўйилган вазифаларни юксак даражада бажаришимиз учун ҳар бир ички ишлар органи ходими ва ҳарбий хизматчиси фидойилик, ватанпарварлик билан бор куч ва ғайратини сафарбар этиши лозим.
Қадрли ҳамкасблар!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлик,
бахт-саодат, узоқ-умр, оилангизга тотувлик, дастурхонингизга қут-барака тилайман.
Юртимизда жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлаш, қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли хизматларингизда улкан зафарлар тилайман.
Ҳамиша юртимиз тинч, осмономиз мусаффо бўлсин!