22 Феврал 2021 йил 694

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ички ишлар органлари таянч пунктларини тафтишдан ўтказиб, “маҳаллабай” тизим асосида амалга оширилаётган ишлар аҳволини ўрганмоқда

Вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларга хизмат кўрсатувчи ички ишлар органлари таянч пунктларининг фаолияти, ушбу масканларда ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматлари билан ҳамкорликнинг қай даражада йўлга қўйилганлиги, маҳаллабай тизим асосида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ижроси ва иш самарадорлигини ошириш борасидаги вазифалар Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиевнинг алоҳида назоратига олинган.

Жорий йилнинг 22 февраль куни ҳам бошқарма бошлиғи Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига қарашли ички ишлар органлари таянч пунктлари фаолиятини жойига чиқиб ўрганди.

Бухоро шаҳар “С.Айний” маҳалласидаги 55-сонли, “Кўксарой” маҳалласидаги 23-сонли ҳамда “Олим Хўжаев” маҳалласига хизмат кўрсатувчи 43-сонли ички ишлар органлари таянч пунктларига борган бошқарма бошлиғи, ушбу маҳаллаларга бириктирилган вилоят Ички ишлар бошқармаси соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси масъул ходимлари ҳамда маҳалла мутасаддилари иштирокида таянч пунктларида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, хизмат хоналарининг ҳолати, хизмат ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши, ушбу масканларда профилактика инспекторларининг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ички ишлар органлари соҳавий хизматлари билан ҳамкорликдаги вазифалари, ходимларнинг билим савияси ва бошқа масалаларни бирма-бир кўздан кечирди.

Ўрганишлар жараёнида аниқланган қатор камчиликлар, таянч пунктида ички ишлар органларининг жиноят қидирув, патруль пост хизмати ва бошқа соҳавий хизматлари билан ҳамкорликнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги юзасидан эътирозларини билдириб, “Обод ва Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллабай ишлаб чиқилган йўл хариталарининг ижроси, жамоат назорати масканларининг фаолияти, марказий ва асосий кўчаларга видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ҳамда уларни профилактика инспекторининг хизмат хонасига интеграция қилиш, ҳамкорликдаги хизмат олиб бориш тизимини қайта кўриб чиқиш борасида аниқ кўрсатма ва топшириқлар бериб, ижросини алоҳида назоратга олди.

Маҳаллалардаги “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига кирган фуқаролар билан ишлаш, уларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш орқали яшаш ва турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган долзарб вазифалар юзасидан кўрсатмалар берди.

Бу каби тадбирлар Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давом эттирилмоқда.

Text to speech