Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев Қоракўл туманида содир этилган қотилликка суиқасд қилиш жиноятини кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилди
2021 йилнинг 16 февраль куни Қоракўл тумани “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидаги Автошоҳбекатда содир этилган қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш жинояти, жорий йилнинг 18 февраль куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев, вилоят прокурорининг ўринбосари Равшан Зайниевлар томонидан, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ва туман мутасадди идоралари масъуллари, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари, фаоллар, Автошоҳбекат мутасаддилари ва ишчи-хизматчилари, киракашлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ва кенг жамоатчилик иштирокида ҳодиса содир бўлган “Дўстлик” ҳамда жиноят содир этган шахс яшаш манзили бўйича “Тайқир” маҳаллаларига борилиб атрофлича муҳокама қилинди.
Танқидий руҳда ўтказилган муҳокама жараёнида маҳалла раиси, унинг ҳуқуқ тартибот бўйича ўринбосарининг ҳудудда “маҳаллабай” тизим, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботлари эшитилиб, масъулларнинг мазкур жиноят содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитлар юзасидан тушунтиришлари тингланди.
Ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича Қоракўл тумани идоралараро комиссияси”, туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ҳамда маҳалла мутасаддилари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар иштирокчилар эътиборига етказилиб, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари бирма бир таҳлил қилинди.
Ўрганишлар натижасига кўра, мазкур жиноятнинг содир этилишига маҳалла мутасаддилари томонидан, “маҳаллабай” ишлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги, автошоҳбекатда хизмат қилаётган мутасадди раҳбар ва масъуллар, киракашлик билан шуғулланиб келаётган фуқароларнинг лоқайдлиги, “идоралараро комиссия” фаолиятининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги қаттиқ танқид остига олиниб, комиссия аъзолари, маҳалла раиси, профилактика инспектори ҳамда автошоҳбекат раҳбар ва масъуллари қаттиқ огоҳлантирилди.
Муҳокама якунида бошқарма бошлиғи томонидан мутасаддиларга ушбу маҳаллада, шунингдек, туманнинг қолган барча маҳаллалари, корхона ва ташкилотлар, муассасалар, маиший ва хизмат кўрсатиш шахобчаларида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирларни белгилаш, “маҳаллабай” иш тизимини жорий қилиш, туман бўйича шаклланган “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган муаммоли фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш, носоғлом муҳит шаклланган оилаларга “кексалар маслаҳат гуруҳлар”ини бириктириш, ҳар бир ҳудунинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган йўл хариталари ишлаб чиқиш бўйича аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.