Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев Шофиркон туманида “маҳаллабай” тизим асосида маҳаллаларга бириктирилган вилоят ишчи гуруҳлари ва туман мутасаддиларининг кундалик иш жараёнларини жойига чиқиб назорат тартибида ўрганди
Вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев Шофиркон туманининг Дўрмон маҳалласига кўчиб ўтиб, Кўчма мобиль штаб ҳамда вилоят ишчи гуруҳи аъзолари билан биргаликда туманни ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштириш ишларига бошчилик қилмоқда.
Бугун ҳам бошқарма бошлиғи туманнинг бир қатор маҳаллаларида вилоят ишчи гуруҳи аъзолари ва туман мутасадди идоралар масъуллари томонидан аввалги ўрганишларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда маҳаллаларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини жойига чиқиб назорат тартибида ўрганди.
Жараёнда, Бобоато МФЙда жойлашган 13-сон умумтаълим мактабига ташриф буюриб, мактаб фаолияти, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қай тарзда ёндашилганига эътибор қаратди.
Мактабда яратилган шарт шароитлар, кутубхонанинг китоб фонди, дарс машғулотларининг бориши билан танишиб, ўқувчиларни табиатга янада ошно қилиш мақсадида “жонли бурчак” ташкил этиш ҳамда мактабда мавжуд иссиқхонадан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор таклиф ҳамда тавсиялар бериб, вилоят ишчи гуруҳ аъзоси Халқ таълими бошқармаси масъул ходими, туман халқ таълими мутасаддилари ва бошқа масъулларга зарурий кўрсатмалар берди.
Ушбу маҳаллада фаолият юритаётган Бухоро футбол академияси Шофиркон футбол мактаби ҳамда 15-сон “Навбаҳор” номли давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ҳам ўрганилди.
15-сонли МТТда бўлган бошқарма бошлиғи, муассасага олиб келадиган кўча ва йўлда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, муассаса ички йўлакларини таъмирлаш, янги ҳожатхона қуриш зарурлигини таъкидлаб, болалар ўйин майдончаси ва ички ҳовлисида қатор таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш, бу бўйича аниқ таклиф ҳамда лойиҳалар орқали ишларни ташкил этиш юзасидан вилоят ишчи гуруҳ аъзоси Мактабгача таълим бошқармаси ва туман масъулларига тегишли топшириқлар бериб, ижросини алоҳида назоратга олди.
Шунингдек, тумандаги барча мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини бирма бир тафтишдан ўтказиб, таълим муассасаларида келажагимиз пойдеворлари бўлган ёшларимиз учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш бўйича ҳар бир муассаса юзасидан аниқ ва асослантирилган таклифлар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Туман марказидаги “Наврўз” кўчасида қад ростлаётган 260 ўринли 5 қаватли замонавий марказий поликлиниканинг қурилиш жараёнлари билан танишган масъуллар, мажмуани тез, хавфсиз ва сифатли қуриб битказган ҳолда фойдаланишга топшириш борасида кўрсатмалар бериб, қурилиш ишларини олиб бориш жараёнидаги муаммолар хусусида “Хўжа Ғуломте” МЧЖ қурилиш корхонаси мутасаддилари билан фикр алмашдилар.
“Янгиқишлоқ” маҳала фуқаролар йиғинига йўл олган масъуллар бу ҳудудда аҳоли хонадонлари атрофи, кўчаларда олиб борилган тозалик, ободонлаштириш, ариқ ва зовурларни ҳашар қилиш ишларининг ҳолатига эътибор қаратдилар. Маҳалла масъуллари ва ишчи гуруҳ аъзоларига аниқланган қатор камчиликлар юзасидан ўзларининг эътирозларини билдириб, аҳоли томорқаларини экин экишга тайёрлаш, турар жойларнинг ташқи деворларини оқлаш хусусида қатъий топшириқлар бердилар.
Ушбу маҳаллада жойлашган 30-умумтаълим мактаби ҳам масъуллар эътиборида бўлди. Мазкур мактаб 2021 йилда мукаммал таъмирлаш дастурига киритилган бўлиб, қайта реконструкция ва капитал таъмир билан боғлиқ ишларни бошлаш бўйича келишиб олинди.
Туманда амалга оширилаётган “Маҳаллабай” иш тизими бошқарма бошлиғининг доимий назоратига олинган бўлиб, ҳар кунлик бажарилган ишлар юзасидан вилоят ишчи гуруҳ аъзолари ва туман мутасаддиларининг ҳисоботлари тингланиб, аниқ ва манзилли амалий тадбирларни бажариш юзасидан топшириқлар бериб борилмоқда.