Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилиши алоҳида тоифадаги шахслар томонидан содир этилган жиноятлар муҳокамасига бағишланди
Бугун, 11 май куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида бўлиб ўтган, вилоят ИИБ бошлиғининг барча ўринбосарлари, мустақил бошқарма, бўлим ва соҳавий хизматлар раҳбарлари, шаҳар-туман ИИБ (ИИОФМБ) бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, ички ишлар бўлим (ГОМ) ҳамда бўлинма (ПОМ) бошлиқлари, ХПБ ва ЖТСБ аппарати ходимлари, профилатика катта инспекторлари ҳамда хотин қизлар масалалари бўйича гуруҳ катта инспекторлари иштирок этган видеоселектор йиғилишини бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев олиб борди.
Йиғилишда, вилоятда жорий йилнинг 4 ойи давомида алоҳида тоифадаги шахслар, яъни вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар, муқаддам судланганлар, маст ҳолатдаги шахслар, ишсизлар томонидан, шунингдек кўча ва жамоат жойларида содир этилган жиноятлар шаҳар ва туманлар, секторлар ҳамда маҳаллалар кесимида муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида ҳар бир масъул раҳбар, ҳудудий ички ишлар органларининг бошлиқлари, тегишли соҳавий хизмат раҳбарлари, профилактика катта инспекторлари ва хотин қизлар масалалари бўйича гуруҳ катта инспекторларининг таҳлилий ҳисоботлари ва келгусида айнан ушбу тоифа шахслар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш борасида амалга ошириши режалаштирилган чора-тадбирлари юзасидан фикр ҳамда таклифлари эшитилди.
Танқидий тарзда ўтган йиғилишда жиноят содир этган алоҳида тоифадаги шахсларнинг чуқур таҳлил қилиниши, келгусида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга ошираётган профилактик тадбирларга кескин ўзгартириш киритиш лозимлигини кўрсатиб, ҳар бир тоифа шахс, яъни вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар, муқаддам судланганлар, ишсизлар, спиртли ичимликка ружу қўйганлар, руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турувчи ва бошқа муаммоли шахслар билан индивидуал тартибда, “фуқаробай” ишлаш лозимлигини яна бир бор кўрсатди.
Шундан келиб чиқиб, жиноят содир этган ва жиноят содир этишга мойил шахслар билан профилактик тадбирларни янада кучайтириш мақсадида, алоҳида тоифадаги шахслар билан ишлашнинг янгича усул ва услубларидан фойдаланиш бўйича масъуллар томонидан берилган таклиф ҳамда тавсиялардан келиб чиқиб, ҳудудларда ҳар бир шахс кесимида ишлашнинг “фуқаробай” йўл хариталарини ишлаб чиқиш, бунда кўча ва жамоат жойларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан муддати аниқ қилиб белгиланган манзилли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Алоҳида тоифадаги шахслар билан манзилли профилактик ишларни кучайтириш, кўча ва жамоат жойларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида ижобий натижаларга эришмаган масъулларга нисбатан кескин таъсир чоралари қўллаш тўғрисида огоҳлантирилди.