20 Октябр 2020 йил 692

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев вилоят халқ депутатлар кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳисобот берди

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Бухоро вилояти ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда сенатор ва депутатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар, шунингдек жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сессияда, Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев ҳам иштирок этиб, вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари томонидан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сонли Фармонига асосан вилоят, шаҳар ва туманлар ички ишлар органлари раҳбарларининг халқ депутатлари кенгашларида ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилган эди. Шунга биноан тақдим этилган ҳисоботда жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича жиноятчилик ҳолати, пандемия шароитида карантин қоидаларига риоя қилиниши борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, ҳудудларда “жиноятчиликни жиловлаш” борасида қилинган ишлар ҳамда вилоят 3-секторлари фаолияти билан боғлиқ жараёнлар хусусида тўхталиб ўтилди.

 Хусусан, Вилоятда умумий жиноятчилик ҳолати бўйича қотиллик, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, транспорт воситасини олиб қочиш, гуруҳ таркибида жиноят содир этилиши ҳолатларининг камайишига эришилган бўлсада, лекин айрим тоифадаги жиноят турлари, қасддан баданга оғир, ўрта ҳамда енгил шикаст етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик каби жиноятлар кўпайишига йўл қўйилган.

Вилоятдаги 544 та маҳаллалардан 233 тасида ёки 42,8 фоизида жиноятлар содир этилмаган бўлса, 39 тасида ёки 7,2 фоизида жиноятлар камайган.  

Таҳлилларнинг кўрсатишича, оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг аксарияти оила-турмуш муносабатлари доириасида яқин қариндошлар ўртасида содир этилган. Шу сабабдан маҳалларда нотинч оилалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, аёллар, вояга етмаганлар, муқаддам судланганлар билан профилактик тадбирларни кучайтириш мақсадида жорий йилда вилоятдаги жами 544 та маҳаллаларнинг ҳар бирида профилактика инспектори лавозими жорий этилиб, уларнинг сони 146 тага кўпайтирилиши ҳисобига жами профилактика инспекторлари сони 562 нафарга етказилган.

Оила-турмуш доирасидаги низоли ҳолатлар мавжуд бўлган 1.665 та оилаларнинг муаммолари маҳалланинг ўзида кўриб чиқилиб, 1.415 тасининг нотинчлигига барҳам берилган ва 596 та оилалар ажралиб кетишдан сақлаб қолинган. Жойлардаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари масъуллари билан ҳамкорликда якка тартибда профилактик ишлар олиб борилганлиги натижасида жами 1.665 та низоли оилаларнинг яраштирилишига эришилган. Ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларнинг 826 нафари ишга жойлаштирилди, 292 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, 268 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишда кўмаклашилди, 6 нафарини шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайта тикланган. 230 нафарига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун яқиндан кўмак берилди ва 7 нафар зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахслар реабилитация қилиш марказларига жойлаштирилган.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида:

  • Вилоят ҳудудида содир этилган 2 013та жиноятларнинг 1 983 таси ёки 29 фоизи фош этилган, суд ва тергов органларидан яширинган 64 нафар шахслар ушланган ва 7 нафар бедарак йўқолганлар топилиб оиласига қайтарилган;
  • 02 сентябрь кунидан 16 сентябрь кунига қадар давом этган вилоят миқёсида ўтказилган тест синовлари тадбирлари ҳамда 96.000 дан ортиқ фуқаролар иштирокида ўтказилган 216 маротаба оммавий тадбирлар давомида жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги тўлиқ таъминланган.
  • 37 нафар шахслар томонидан содир этилган 33 та коррупция ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар аниқланиб, улар оқибатида етказилган 181 млн сўм миқдордаги зарар ундирилиши таъминланган;
  • 29,9 кг наркотик воситалари, шунингдек турли ёт ғояларни тарғиб этишда фойдаланилган 6 та адабиётлар, 40 та варақалар ва 19 та уяли телефон аппаратлари далилий ашё сифатида олинган;
  • 5 нафар ҳужрада қатнашган, 23 нафар чегара қоидаларини бузган, 6 нафар одам савдоси жиноятини содир этган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланган.

Бундан ташқари аввалги йиллар содир этилиб очилмасдан қолган жами 94 та (аввалги йиллардан 54 та, жорий йилдан 40 та) жиноятларнинг фош этилишига эришилган.

Ички ишлар органлари ташаббуси билан жиноятларнинг аниқланиши кўрсаткичи 35,75 фоизга ёки 94 тага яхшиланган.

Ўтказилган тарғиботлар натижасида 15 дона қурол ва ўқ-дориларни фуқаролар ўз хоҳиши билан топширди, 31 нафар фуқаролар эса қурол ва ўқ-дориларни ноқонуний сақлаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 237 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бўлиб, вилоят ҳудудида яшовчи фуқароларга 15.508 та биометрик паспортлар расмийлаштириб берилган. Республикамизга ташриф буюрган 11.878 нафардан ортиқ хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинчалик қайддан ўтказилиб, 19 нафарига доимий яшаш учун ҳужжатлар расмийлаштириб берилган. Бухоро вилояти ҳудуди бўйича 17.642 нафар фуқаролар доимий, 4.933 нафар фуқаролар вақтинча рўйхатга қўйилган. Фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш учун 14 та ҳужжатларни йиғиш пунктлари ташкил этилган бўлиб, улар томонидан 19.323 та талабномалар шакллантирилган. 17.100 нафар фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштирилган.

“Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегик лойиҳаси бугунги кунда соҳаларни рақамлаштириш, хусусан, вилоят даражасида ҳудудларни рақамли трансформация қилиш билан алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада Ғиждувон туманини 2021 йил 1-чоракда рақамли трансформация қилиш бўйича “Йўл харитаси”га асосан умумий қиймати 4,4 млрд. сўмга тенг бўлган 4 та серқатнов чорраҳада ҳамда туманга кириш ва чиқиш жойларида тезликни ўлчайдиган қўзғалмас радарлар, деҳқон ва буюм бозорлар олдида камералар ўрнатиш ҳамда бозорларда мавжуд бўлган кузатув камераларини Ғиждувон туман ИИО ФМБда ташкил этиладиган вазиятни кузатиш марказига интеграция қилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ихтиёрида 5 та “AutoCon” русумли автоматлаштирилган фото-видео қайд қилиш мосламаси мавжуд бўлиб, ушбу мосламаларнинг имкониятларидан туну-кун фойдаланилиб келинмоқда ҳамда бириктирилган ходимлар хизмат фаолияти устидан доимий назорат ўрнатилган. Бундан ташқари, “Hikvision Smart” масъулияти чекланган жамиятидан яна 8 та махсус автоматлаштирилган стационар фото ва видеофиксация радарлари харид қилиниб, ҳозирги кунда ушбу техник воситалар тўлиқ ишга туширилган. Ушбу радар мосламаларининг 6 таси Бухоро шаҳри ҳудудидан ўтган М-37 (263 км.да) ва А-380 (14,8 ва 219,9 км.ларда) халқаро автомобиль йўлларида, қолган 2 таси эса Когон тумани ҳудудидан ўтган  А-380 (215 км.да) халқаро автомобиль йўлида ўрнатилган. Ҳозирга қадар ушбу автоматлаштирилган фото-видео қайд қилиш мосламалари орқали 44.835 та қоидабузарлик аниқланган.

Умуман, жорий йилнинг ўтган даврида умумий йўл-транспорт ҳодисалари 2019 йилнинг шу даврига нисбатан  13,1 фоизга ёки 236 тадан 205 тага, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони эса 15,9 фоизга ёки 69 тадан 58 тага камайган.

Пандемия шароитида фуқаролар томонидан карантин қоидаларига риоя қилиш, касалликнинг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича ҳам ички ишлар органлари томонидан қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, вилоят бўйича тиббиёт муассасалари ҳамда уй шароитида “оилавий” карантинга олинган аҳолининг қўриқлаш учун жами 687 нафар ходимлар куну-тун хизмат олиб бориши таъминланган.

Вилоят 3-секторлар томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 11 629 та эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, “Темир-дафтар” ва “Саховат-Аргос” электрон дастурига киритилган. Жорий йилнинг 1 апрель кунидан ҳозирги кунгача камбағал ва эҳтиёжманд аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб–қувватлаш мақсадида секторлардаги 9 471 та эҳтиёжманд оилаларга жами 16 703 та умумий қиймати 13 млрд 792 млн 243 минг сўмлик манзилли ёрдамлар кўрсатилган.

Вилоят ички ишлар органлари ходимлар томонидан ихтиёрий равишда тўғридан-тўғри жами 528 млн 443 минг 406 сўм миқдордаги маблағлар Бухоро вилояти “Саховат ва кўмак” жамғармаси ихтиёрига ўтказиб берилган.

Ҳисобот якунида ИИБ бошлиғи томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан депутатларни қизиқтирган саволларга жавоб берилиб Бухоро вилоят ИИБ ва унинг қуйи тизимлари томонидан 2020 йилнинг 4-чораги мобайнида амалга ошириладиган бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech