Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев “ZOOM” платформаси орқали йиғилиш ўтказди.
Жорий йилнинг 27 июль куни Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, бошқарма бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар ва туман Ички ишлар органлари бошлиқлари ва тегишли хизмат соҳа масъул ходимлари иштирокида “ZOOM” платформаси орқали йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда, қуйидаги асосий беш масала:
- Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мазкур йўналишда жойларда йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар ва уларни бартараф этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган келгусидаги вазифалар;
- Бухоро вилояти 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманлари ҳамда шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли маҳаллаларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида, шунингдек бошқа шу каби оғир аҳволдаги маҳаллалар, қишлоқ ва чекка овулларда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг аҳволи;
- Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллик байрамини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси;
- “Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар режаси”да кўрсатилган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи;
- ғўза парвариши, пахта йиғим-терим тадбирларига тайёргарлик кўриш, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, унинг талон-торож қилиниши, пахта далаларининг пайҳон қилиниши билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги тезкор профилактик тадбирларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Танқидий тарзда ўтган йиғилишда кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди ва белгилаб берилган вазифаларни бажаришга масъулиятсизлик билан ёндашган айрим мутасадди раҳбарлар ва масъулларга қаттиқ огоҳлантиришлар берилди.
Йиғилиш якунида кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, мустақил бошқарма бошлиқлари масъул этиб бириктирилиб, масъуллар ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқларига, шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармасидан ҳудудларга бириктирилган кураторларга алоҳида топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.