Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев, “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига кирган фуқаролар билан Вобкент тумани Ўзбакон маҳалласида сайёр учрашув ўтказди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ҳудудларда “Маҳаллабай” тизим асосида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини кўздан кечириш, мурожаатлар билан ишлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига кирган фуқаролар билан юзма-юз бўлиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадида, вилоят 3-секторига қарашли туманлар ҳамда барча шаҳар ва туманларнинг 3-сектор ҳудудларида сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқда.
Жорий йилнинг 20 февраль куни ҳам бошқарма бошлиғи Вобкент тумани Ўзбакон маҳалласида жойлашган 34-сонли умумтаълим мактаби биносида, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ҳамда туман мутасадди идоралар вакиллари, ёшлар иттифоқи ва ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбарлари иштирокида ҳудуддаги 100 га яқин фуқаролар билан сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига кирган фуқаролардан келиб тушган турли масалалардаги 70 дан ортиқ таклиф ва мурожаатлар қабул қилинди.
Таклиф ҳамда мурожаатларнинг барчаси бирма-бир кўриб чиқилиб, республика, вилоят ҳамда туман даражасида ҳал қилинишига қараб мутасаддиларга аниқ ва манзилли кўрсатмалар берилди.
Вилоят 3-сектори раҳбари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб, паррандачилик, асаларичилик, иссиқхона қуриш, тикувчилик ва тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга имтиёзли кредит маблағларини ажратиш бўйича банк мутасаддиларига топшириқлар берди.
Кам таъминланган ва ижтимоий кўмакка муҳтож “Ёшлар дафтари” га кирган ишсиз ёшларнинг ҳар бирига унумдор ва сувга қулай ер майдонларидан ер ажратиш бўйича туман ҳокимига алоҳида топшириқ берди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев ёшлар билан суҳбатлашиб, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, иқтидорли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб, ёшларни жисмонан бақувват, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялашда мутасаддилар эътибор қаратиши лозим бўлган вазифалар, бунда ота-оналар ва маҳалла фаолларининг ўрни ва ролини ошириш тўғрисида ўзининг таклиф ҳамда тавсияларини билдирди.