Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан криминоген вазияти оғир маҳаллаларда фаолият олиб борувчи ички ишлар органлари таянч пунктлари тафтишдан ўтказилиб, “маҳаллабай” тизим асосидаги ишлар аҳволини ўрганиш тадбирлари давом эттирилмоқда.
Вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кўп содир этилган, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда фаолият юритаётган ички ишлар органлари таянч пунктларининг фаолияти, ушбу масканларда иш самарадорлигини ошириш, ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида йўл хариталарини тузган ҳолда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг ижроси Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиевнинг алоҳида назоратига олинган.
Жорий йилнинг 18 февраль куни ҳам бошқарма бошлиғи Бухоро шаҳри, Пешку ва Шофиркон туманлари ички ишлар органлари таянч пунктлари фаолиятини жойига бориб ўрганди.
Бухоро шаҳар “Беҳиштиён” маҳалласидаги 57-сонли ва Шергирон маҳалласига хизмат кўрсатувчи 21-сонли ички ишлар органлари таянч пунктларига борган бошқарма бошлиғи, ушбу маҳаллаларга бириктирилган вилоят Ички ишлар бошқармаси соҳавий хизмат раҳбарлари ва шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси масъул ходимлари иштирокида таянч пунктларида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, хизмат хоналарининг аҳволи, хизмат ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши, профилактика инспекторларининг билим савияси ва бошқа масалаларни тафтишдан ўтказди.
Полковник Ш.Алиев, Шофиркон туманига ташрифи давомида Искогаре маҳалласига хизмат кўрсатувчи 236-сонли ички ишлар органлари таянч пункти ҳамда шу ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант А.Ғаффоровнинг хизмат уйига ҳам бориб, таянч пункти ва хизмат уйининг сақланиши, ободонлаштирилганлиги, ходимга яратиб берилган шарт-шароитларни бирма бир кўздан кечириб, профилактика инспекторининг яшаш ва турмуш шароитлари билан қизиқди.
Кейинги манзил Пешку тумани бўлди. Туман Ички ишлар бўлими 8-сонли Ички ишлар бўлинмаси, Зандане маҳалла фуқаролар йиғинидаги 437-сонли ва Хўжапешкў маҳалласидаги 429-сонли ички ишлар органлари таянч пунктларига ҳам бориб, ушбу масканлар фаолиятини ҳам танқидий кўриб чиқди.
Ўрганишлар жараёнида аниқланган қатор камчиликлар юзасидан, шунингдек, ҳудудларда ишлаб чиқилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган йўл хариталарини қайта кўриб чиқиш, маҳаллалар ҳудудидаги жамоат назорати масканларининг фаолиятини яхшилаш, маҳаллаларнинг марказий ва асосий кўчаларига видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ҳамда уларни профилактика инспекторининг хизмат хонасига интеграция қилиш масалаларида вилоят, Бухоро шаҳар ва Пешку туманлари ИИБ масъул раҳбарларига топшириқлар бериб, ижро этилишини алоҳида назоратга олди.
Маҳаллалардаги “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига киритилган шахслар билан ишлаш, уларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш орқали яшаш ва турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган бугунги кундаги энг долзарб вазифалар юзасидан кўрсатмалар берди.
Бу каби тадбирлар Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давом эттирилмоқда.