25 Май 2021 йил 480

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан вилоятда йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга бағишланган муҳокама йиғилиши ўтказилди

Бугун, жорий йилнинг 25 май куни  Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан, жорий йилнинг 4 ойи мобайнида вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, одам ўлими ҳамда тан жароҳати билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.

Йиғилишда, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбар ва ходимлари, шаҳар ва туман Ички ишлар бўлим (ИИОФМБ)лари бошлиқларининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди.

2021 йилнинг 4 ойи давомида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан, бошқа соҳавий хизматлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, кўча ва йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, инсонлар ўлими ва жароҳат олишига сабаб бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг оқибатларини ҳамда уларга шарт-шароит яратиб бераётган омилларни аниқлаб бартараф қилиш борасида олиб борилган кўламли ишлар натижасида йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 фоизга, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони 5,3 фоизга камайишига эришилган бўлсада, ҳали ҳануз бу йўналишда амалга оширилаётган ишларимизнинг етарли эмаслиги, айрим масъул раҳбар ходимлар ўз вазифаларига масъулият билан ёндашмаётганлиги қаттиқ танқид қилиниб, хато ва камчиликларга йўл қўйган раҳбар ҳамда ходимлар қаттиқ огоҳлантирилди.

Йиғилиш давомида, бошқарма бошлиғи томонидан вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўлларида доимий автопатруллик йўналишларини ташкил этиб, раҳбар ходимларга бириктириб бериш, шунингдек йўл транспорт ҳодисалари кўп содир этилаётган ўчоқларни аниқлаб, мавжуд куч-воситаларни кунлик дислокациялар асосида тақсимлаб бориш, кўча ва йўлларни тунги ёритиш мосламалари билан жиҳозлаш, пиёдалар ўтиш жойларига инновацион технологиялар асосида ҳаракат иштирокчиларини ҳушёрликка чорловчи ускуналар ўрнатиш, маҳаллаларда фуқаролар билан учрашувлар, корхона ҳамда ташкилотларда семинар ва тренинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш орқали профилактик огоҳлантирув тадбирларини кучайтириш, қўпол қоидабузарликларни аниқлаш юзасидан рейд тадбирларини мунтазам равишда ўтказиб бориш, бу жараёнда фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, хизмат интизоми ва қонун талабларига қатъий амал қилиш юзасидан алоҳида топшириқлар берилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Text to speech