6 Ноябр 2020 йил 622

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Вобкент тумани “Пахтакор” маҳалласида ўтказилди

Бухоро вилоят ҳокими ва Халқ қабулхонаси мудири томонидан тасдиқланган график асосида Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиевнинг навбатдаги сайёр қабули жорий йилнинг 6 ноябрь куни Вобкент тумани “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган туманнинг 3-сектор биносида ўтказилди.

Сайёр қабулда жами 15 нафар фуқароларнинг турли масалалар юзасидан қилган мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 2 таси электр энергияси танқислиги ҳамда янги трансформатор ўрнатиб бериш, 3 таси “Пахтакор” маҳалласи Найман, Хайрабодча ва Комди қишлоқлари ҳудудидан ўтувчи ички йўлларни таъмирлаш, 2 таси графикдан ташқари газ балонлари етказиб бериш, 1 таси тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит олишда ёрдамлашиш,  1 таси иссиқхона ва савдо дўкони қуриш учун ер ажратиш, 1 таси ишга жойлаштириш, 2 таси ички ишлар органларига ишга кириш, 1 таси кўчаларни ёритиш, 2 таси ногирон ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва ногиронлик аравачаси етказиб бериш масалаларида бўлди.

Қайд этилган 15 та мурожаатларнинг 6 таси (40%) жойида ҳал этилган бўлса, 2 таси (13%) бўйича қонунда тушунтириш берилиб, 7 та (47%) мурожаатлар қўшимча ўрганиш ва белгиланган муддатда ҳал қилиш учун ижрога қаратилди.

Сайёр қабул жараёнида оилаларнинг моддий аҳволи, иш билан таъминланганлик даражаси ҳам ўрганилиб, фуқароларга қўшимча даромад қилиш борасида яратилган шарт-шароитлар, номатив ҳужжатларда белгилаб берилган йўналишлар ва тизимлар тўғрисида тушунчалар берилди.

Шу куни қабулга келган Вобкент тумани Харгўш МФЙ Харгўш қишлоғида яшовчи Бозорова Санобар Жумаевна ва Раззоқова Ўғилой Комиловналарнинг мурожаати асосида ушбу ҳудудга графикдан ташқари газ балонлари етказиб берилди.

Вобкент тумани “Қатаған” МФЙ Томди қишлоғида яшовчи фуқаро Бобоева Муҳаббат Рахмоновнанинг невараси Мардонова Малоҳат Тошкент шаҳрида контракт асосида ўқишга кирган бўлиб, оилавий аҳволи оғир бўлгани учун моддий ёрдам ажратилишини сўраб қилган мурожаати бўйича Вобкент туман хокимининг                1-ўринбосарига контракт пулини тўлаб беришда 3 миллион сўм пул маблағи ажратиш тўғрисида топшириқ берилди .     

Худди шундай, Вобкент тумани “Қатаған” МФЙ Қатаған қишлоғида яшовчи Ҳасанова Ўриной Тоғаевнанинг Қатаған қишлоғидаги аҳоли учун электр токи қуввати пастлиги учун мавжуд трансформаторни янгисига алмаштириш масаласида амалий ёрдам сўраб ҳамда Вобкент тумани “Шанба” МФЙ Дилором қишлоғида яшовчи Назаров Саъдулло Насриддиновичнинг яшаш уйи ичидан ўтган электр симёғочни кўчиришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатларини ҳал этиш бўйича туман электр тармоқлари корхонасига аниқ топшириқ берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.

Вобкент тумани “Кўлиодина” МФЙ Кўлиодина қишлоғида яшовчи Ибрагимов Нормуроднинг 1-гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғига ногиронлик аравачасини олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати жойида ҳал қилинди. 

Туманнинг “Поноб” МФЙ Поноб қишлоғида яшовчи Файзиева Наргиза Хайрулло қизининг ишга кириши учун ёрдам сўраб қилган мурожаати жойида ижобий ҳал қилиниб, тумандаги 8-сон Мактабгача таълим ташкилотига ишга жойлаштирилди.

”Қатаған” МФЙ Қатаған қишлоғида яшовчи Эгамов Замон Хайруллаевичнинг тумандаги “Тагалак” қишлоғидан Найман МФЙга борувчи ички йўлда шағал ётқизиш ҳамда Вобкент тумани Қатаған МФЙ Комди қишлоғида яшовчи Пўлотов Муртазо Бафоевичнинг Комди қишлоғининг кўчасида шағал ётқизиш масаласида қилган мурожаатлари ижобий ҳал қилиниб, 1 километр йўлга шағал ётқизилди.

Шу куни сайёр қабул бўлиб ўтган туман 3-сектор биноси олдида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, туман ташкилотлари, идоралар ва муассасаларида мавжуд бўлган бўш иш ўринларига номзодлар қабул қилинди.

Қўшимча ўрганиш учун қабул қилиб олинган мурожаатлар юзасидан ариза муаллифларига ўрганиш натижалари ҳақида хабар берилиши тушунтирилиб, ҳар бир мурожаат бўйича тегишли ташкилот мутасаддиларига вазифа юкланган ҳолда алоҳида назоратга олинди.

Text to speech