Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти криминоген вазияти оғир маҳаллаларга бориб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилаётган камчиликларни муҳокама қилдилар
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Мансур Қодиров ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Болтаев томонидан “Зарбдор ойлик” доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманларида, айниқса криминоген вазияти оғир дея баҳоланган маҳаллаларда ҳудудий ички ишлар органлари, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари, ушбу маҳаллаларга бириктирилган бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъуллари ҳамда Ички ишлар бошқармасидан бириктирилган раҳбар ходимларнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш борасида амалга ошираётган ишлари жойига бориб ўрганилмоқда.
Бугун, масъуллар Бухоро ва Когон шаҳарлари, Ромитан, Пешкў ва Вобкент туманларида бўлиб, ушбу шаҳар ва туманларда “Зарбдор ойлик” доирасида тузилган тезкор-штаб фаолиятини кўздан кечириб, штаб аъзолари ҳисоботларини тинглаб, йўл қўйилаётган бир қатор камчиликларни кўрсатиб, бу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш лозимлиги бўйича топшириқлар беришди.
Жиноят ва ҳуқуқбузарликларни жиловлашда "маҳаллабай" тизим асосида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида, раҳбарлар криминоген вазияти оғир маҳаллаларга ташриф буюриб, маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлиги ва фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш борасидаги ишларни кучайтириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар, зарурий кўрсатма ва топшириқлар бердилар.
Бу каби ўрганишлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом эттирилмоқда.