28 Июл 2022 йил 579

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби аёл ходималари билан навбатдаги саф кўриги ва саф тайёргарлиги ўтказилди

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Ички ишлар ходими бўлишдек масъулиятли касбни танлаб, тизимда хизмат олиб бораётган аёл ходималарнинг ҳам соҳа ривожида муносиб ўрни бор. Худди йигитлар каби ушбу шарафли касбнинг машаққатларига юксак сабр ва матонат билан ёндашиш, ватан олдида қилган қасамёдига содиқ қолиш Тўмарис сингари чинакам мард аёлларга хос фазилатдир.

Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органларида хизмат, жанговар, жисмоний ва ахлоқий, психологик машғулотларини ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги тегишли буйруғи талаблари асосида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси таркибий ва ҳудудий тузилмаларида хизмат қилаётган хотин-қизлар билан саф кўриги ва саф тайёргарлиги машғулотлари ўтказилди.

Саф кўригида ходимларга хизмати давомида керак бўладиган ҳужжат ва воситалари текширувдан ўтказилиб, саф тайёргарлиги машғулотлари олиб борилди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси касбий тайёргарлик бўлими ходимлари томонидан ташкил этилган мазкур тадбирларда хотин-қизларнинг тажриба ва маҳоратини янада юксалтириш, касбий ва жанговaр шайлигини ошириш мақсадида “Макаров” тўппончаси ҳамда “Калашников” автоматини қисмларга ажратиш, йиғиш ва қуролдан фойдаланиш машғулотлари ҳам бўлиб ўтди.

Машғулотлардан сўнг хизмат интизоми қоидаларга риоя қилиш бўйича йиғилиш ўтказилди. Учрашув давомида хотин-қизларнинг хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этиши, фуқаролар ва ҳамкасблари билан хушмуомала бўлишлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.

ИИВ Бухоро академик лицейи бош ўқитувчиси, адабиётшунос мутахассислари иштирокида Ички ишлар вазирлигининг 237-сон буйруғида белгиланган ходимлар ўқиши лозим бўлган 39 турдаги адабиётлар юзасидан савол-жавоблар олиб борилиб, ходималарнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.

Бир сўз билан айтганда, бугун “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз” концептуал ғояси асосида хизмат қилиш соҳада хизмат олиб бораётган хотин-қизларга ҳам куч ва шижоат уйғотмоқда.

Text to speech